Чернобиль таваллоси. Светлана Алексиевич
Чтение книги онлайн.

Читать онлайн книгу Чернобиль таваллоси - Светлана Алексиевич страница 16

Название: Чернобиль таваллоси

Автор: Светлана Алексиевич

Издательство: Автор

Жанр:

Серия:

isbn: 978-9943-23-212-9

isbn:

СКАЧАТЬ эмас! Ҳатто пиёз, сабзини ишлатишга ҳам рухсат беришмайди. Кимга аза, кимга тўй… То морқада дока боғичлар ва чарм қўлқоплар кийиб ишлашни маслаҳат беришди. Ёққан оловимиз кулини кўмиб ташлаш лозим экан. Дафн этиш. О-о-о… Ўшанда яна бир савлатли олим келиб, маҳаллий клубда чиқиш қилди, ўтинни ювиб ишлатиш керак, деди… Ажабо! Қулоқларим узилиб тушсайди! Кўрпажилдларни, чойшабларни, дераза пардаларини ювиб чиқишни буюрдилар… Улар уй ичида эди-ку! Жомадонларда ва сандиқларда. Хонада қанақа радиация бўлиши мумкин? Ойна ортидами? Эшик орқасида-я? Ажабо! Сен уни ўрмондан, даладан қидир… Қудуқларнинг оғзини беркитишди, целлофан қоплашди… Сув “ифлосланган”миш… Нимаси ифлосланган, сув шу қадар тиниқ-тозаки!

      Бир қоп гап айтишди. Ҳаммангиз ўлиб кетасиз… Кўчиб кетиш керак… Эвакуация қилинишингиз шарт…

      Одамлар қаттиқ қўрқиб кетди… Ваҳимага тушди… Айримлари оқшом пайти топган-тутганини кўмишга тушди. Мен ҳам ўз кийимларимни йиғдим… Ҳалол меҳнатим учун олган алвон ёрлиқларимни ва қора кунга асраб қўйган бир-икки тангамни тўпладим. Нақадар қайғули! Юракни қайғу кемириб ташлади! Қанийди, ўлиш ҳам шу ҳақиқатни айтаётганимдек осонгина бўлса!

      Бу ерда эшитишимча, аскарлар қишлоқдагиларни кўчириб кетаётганида, бир чолу кампир қишлоқда қолибди. Одамларни кетишга ундаб, автобус олиб келинган кундан олдинроқ улар сигирини олиб, ўрмонга кириб кетишибди. Ўша ерда биқиниб, кутишибди. Худди уруш пайтидагидай… Жазо отрядлари қишлоқларни ёндирган кунлардаги сингари… Бу фалокат қайдан келди? (Йиғлайди.) Ҳаётимиз омонат… Йиғламаганим яхшийди, аммо ёшларим оқиб кетаверади…

      О! Деразага қаранг: зағизғон учиб келибди… Мен уларни қувмайман… Зағизғонлар пичанхонадан тухумларни олиб қочишга уринган пайтлар ҳам бўлган. Лекин барибир уларни ҳайдаб юбормайман. Бугун ҳаммамизнинг фожиамиз битта. Ҳеч кимни ҳайдамайман! Кеча қуён келиб қолди…

      Қанийди, уйимизда ҳар куни одамлар бўлса. Бу ерда, яқин орадаги бошқа қишлоқда ҳам бир кампир яшайди, унга бизникига кел, дедим. Бунинг нимаси ёрдам беради, нимаси ёрдам бермайди, билмаймиз, бироқ гаплашадиган, чақирадиган одам бўлади-да. Кечқурун ҳамма ёғим оғрийди. Оёғим зириллайди, чумоли ўрмалагандай жимирлайди, асаб толалари бутун баданимда юради. Ниманидир қўлимга олиб, сиқимлайман. Бир ҳовуч буғдойни… Ва қарс-қурс. Асаб шунда тинчланади… Умр бўйи ишладим, куйибпишдим. Ҳаммаси етарлича бўлди ва энди ҳеч нимани истамайман. Ўлсам, дам олардим. Руҳимни билмадим-у, ўлсам, шўрлик таним дам оларди. Қизларим, ўғилларим бор… Ҳаммалари шаҳарда… Менинг эса бу ердан кетгим келмайди! Худо умримни беряпти, аммо қувончдан насибам йўқ экан. Биламан, кекса одам ёшларнинг жонига тегади, болаларинг чидайди, дош беради ва охири хафа қилади. Болалардан қувонч кам ҳозирча. Болалари билан ўша шаҳарга кетган аёлларимиз доим йиғлайди. Гоҳ келини хафа қилади, гоҳ қизи жеркиб беради. Қишлоққа қайтишни хоҳлашади. Менинг хўжайиним шу ерда… Қабрида ётибди… Агар СКАЧАТЬ