Чернобиль таваллоси. Светлана Алексиевич
Чтение книги онлайн.

Читать онлайн книгу Чернобиль таваллоси - Светлана Алексиевич страница 20

Название: Чернобиль таваллоси

Автор: Светлана Алексиевич

Издательство: Автор

Жанр:

Серия:

isbn: 978-9943-23-212-9

isbn:

СКАЧАТЬ ─ Майли, бу ер заҳарланган, радиацияси бор, лекин бу – менинг ватаним. Биз бошқа ҳеч ерда керак эмасмиз. Ҳатто қуш ҳам ўз инини азиз деб билади. ─ Охиригача айтаман… Ўғлимникида, еттинчи қаватда яшайман, дераза олдига келиб, пастга қарайман ва чўқинаман. Гўё от кишнашини эшитгандай бўламан. Хўроз қичқиради… Ва кўнглим тўлиб кетади… Гоҳо ҳовлимиз тушимга киради: сигирни боғлайман ва соғаман, соғавераман… Уйғониб кетаман… Ўрнимдан тургим келмайди. Ҳали ўша ердаман. Гоҳ бу ерда, гоҳ у ерда.

      ─ Кундузи янги жойда яшаймиз, оқшом ватанимиздамиз. Тушимизда.

      ─ Қишда тун узун бўлади, ўтириб гоҳида санай бошлаймиз: кимлар ўлди? Шаҳарда асабийлик ва руҳий парокандаликдан кўплар ўлди, қирқ-эллик ёшлилар ўлиб кетди – бу ўладиган ёшми? Биз эса яшаяпмиз. Ҳар куни ибодат қиламиз, Худодан сўраймиз – фақат соғлиқ бергин, деймиз.

      ─ Айтганларидек: қаерда туғилсанг – ўша ерда азизсан.

      ─ Чолим икки ой ётди… Жим ётди, гапларимга ҳам жавоб бермади. Мендан хафа бўлгандай эди. Ҳовлини айланиб, қайтиб кираман ва “Чол, қалайсан?” дейман. Овозимни эшитиб, нигоҳини бурса, енгиллашаман. Ётаверсин эди, жим ётса ҳам, уйда борлигининг ўзи катта гап эди. Инсон вафот этаётганда, йиғлаш мумкин эмас. Ўлимини тўссанг, қийналади. Мен шкафдан шамни олиб, қўлига тутдим. У шамни ушлади ва нафас олди… Кўрдим, кўзлари хиралашяпти… Йиғламадим… Бир нарсани ўтиндим: “У дунёга борганингда, қизчамизга ва онамга салом айт”. Бирга бўлишимизни илтижо қилгандим… Айримлар худодан сўраб олади, аммо у менга ўлим бермаяпти. Яшаяпман.

      ─ Мен эса ўлишдан қўрқмайман. Дунёга ҳамма бир марта келади. Барглар ҳам тўкилади, дарахт ҳам қулайди.

      ─ Кампиршолар! Йиғламанглар. Йиллар бўйи меҳнатда илғор бўлдингиз. Стахановчи эдингиз. Сталинни кўрдингиз. Урушни енгдингиз! Агар кулмасангиз ва овунмасангиз, аллақачон ўзингизни осиб қўярдингиз. Шундай қилиб, иккита чернобиллик аёл гаплашяпти. Бири: “Эшитдим, ҳаммамизнинг оққон касалимиз бор эмиш?” деса, бошқаси: “Бўлмаган гап! Кеча бармоғимни кесиб олдим, оқ эмас, қизил қон оқди-ку”, дермиш!..

      ─ Она юртинг – жаннатинг. Бегона ерда қуёш ҳам у ердагидек нур сочмайди.

      ─ Менинг онам эса қачондир бутни ол ва тескари ўгир, шу ҳолда уч кун осилиб турсин, деб ўргатганди. Шунда қаерда бўлсанг ҳам, албатта, уйга қайтасан. Менинг иккита сигирим ва иккита ғунажиним, бешта чўчқам, ғоз ва товуқларим бор эди. Яна итим бўларди. Қўлларимни бошимга қўйганча боғ айланардим. Олмалар-чи, қанча олмалар-а! Ҳаммаси йўқ бўлди, расво бўлди!

      ─ Уйни ювдим, ўчоқни оқладим… Дастурхонда нон ва туз, заранг коса ва учта қошиқ қолдириш керак. Уйда нечта жон бўлса, шунча қошиқ… Буларнинг бари яна қайтиб келиш учун…

      ─ Товуқларнинг тожи қора эди, қизил эмасди – радиация. Пишлоқ ҳам чиқмасди. Бир ой пишлоқсиз ва сузмасиз яшадик. Сут ивимасди, у кукунга айланиб қоларди, оппоқ кукун. Радиация…

      ─ Бу радиация менинг томорқамга ҳам тушганди. Томорқам тўсатдан оқариб қолди, оппоқ, нимадир сепилгандек. СКАЧАТЬ