МЕНИНГ ДОҒИСТОНИМ. ҲАМЗАТОВ РАСУЛ
Чтение книги онлайн.

Читать онлайн книгу МЕНИНГ ДОҒИСТОНИМ - ҲАМЗАТОВ РАСУЛ страница 22

Название: МЕНИНГ ДОҒИСТОНИМ

Автор: ҲАМЗАТОВ РАСУЛ

Издательство: Yangi asr avlodi

Жанр:

Серия:

isbn:

isbn:

СКАЧАТЬ бўлишмаса ҳам шоир шоирга меҳмон. Гуниблик шоир тўғрисида эшитгандим, лекин ҳали учрашмагандик. Мен ўша шоирнинг уйига меҳмонга бордим ва гастрол кунлари уларникида турдим.

      Меҳмондўст мезбонлар мени шундай сийлашдики, ҳатто ўзимни ноқулай сеза бошладим. Айниқса, шоирнинг онаси менга жуда меҳрибонлик кўрсатди.

      Бу меҳмондўст хонадондан кетар эканман, ташаккуримни изҳор қилишга сўз тополмадим. Хайрлашаётган вақтимда шоирнинг онаси билан бир муддат ёлғиз қолдик. Мен-ку тушунаман, онага ўғил ҳақида яхши гап айтсангиз ёқади. Шу боис гуниблик шоир ижодининг камтарона баҳосини билсам ҳам онасига уни мақташга уриндим. Айтдимки, ўғлингиз жуда пешқадам шоирлардан, ҳар доим долзарб мавзуларда шеър ёзади.

      – Эҳтимол, у пешқадам шоирдир, – дея гапимни бўлди онаси, – лекин унинг истеъдоди йўқ. Эҳтимол, унинг шеърлари долзарб мавзудадир, лекин шеърларини ўқисам уйқум келади. Расул, ўйлаб кўр, бу нима деган гап ўзи? Ўғлим сўзлашни ўргана бошлаганда уни тушунмасдим, тушунмасам ҳам овозини эшитганимдан қувонардим. Энди сўзлашнигина эмас, шеър ёзишни ҳам ўрганди, лекин шеърлари зериктириб уйқумни келтиради. Дейдилар, аёлнинг ақли кўйлагининг этагида бўлади. Ўтирса, ҳаммаси жойида, турдими бас, ақли этагидан думалаб пастга тушади. Менинг ўғлимда ҳам шундай: стол атрофида ўтириб овқатланаётган вақтида ажабтовур гапиради, ҳамма сўзлари тушунарли, овқатланиб бўлиб ижод столига ўтириши билан ўзгаради, оддий ва ёқимли сўзларнинг ҳаммасини унутади, қўяди. Ундан фақат сийқа, зерикарли, хом-хатала сўзлар чиқади.

      Бу воқеани эслар эканман, Оллоҳдан ўз тилимни йўқотиб қўймасликни сўрайман. Мен шундай ёзайинки, улар онамга, опамга, ҳар бир тоғликка, китобимни қўлига олган ўқувчига тушунарли бўлсин. Мен уларни зериктиришни эмас, уларга қувонч бағишлашни истайман. Агар менинг тилим ўзгаларга тушунарсиз, ёқимсиз, зерикарли бўлиб қолса, бир сўз билан айтганда тилимни йўқотиб қўйсам, менга ҳаётда бундан ортиқ кулфат йўқ.

      ЭСИМДА, баъзан овулимиздаги кексалар масжид олдида тўпланиб, айрим масалаларни муҳокама қилишарди. Мен ҳамма тўплангунча отамнинг шеърларини ўқиб берардим. Бола бўлсам ҳам шеърларни жўшиб (айтиш мумкинки, ҳаддан зиёд жўшиб), бор овозда, ўзимга ёққан сўзларни дона-дона қилиб талаффуз билан ўқирдим. Мисол учун отамнинг янги «Цадада бўри ови» шеърини ўқир эканман, «ц» ҳарфини тишларимнинг орасидан ўтказиб чийиллатиб талаффуз қилардим. Ўйлардимки, шундай ўқилса жарангдорроқ чиқади ва яхшироқ таассурот қолдиради.

      Отам ҳар сафар сўзни тўғри талаффуз қилиб, дер эди:

      – Сўз ёнғоқ эмас, уни тош билан қарсиллатиб чақадиган. Ёки сўз саримсоқ ҳам эмас, уни тош билан ҳовончада майдалашга ҳожат йўқ. Ёки сўз тошлоқ ер эмас, уни қийналиб шудгор қиладиган. Сўзни зўриқмасдан эркин айт, тишингни тишингга босиб ўзингни қийнама.

      Мен сатрни қайтадан ўқидим, яна сўзни илгаригидай талаффуз қилдим. Шу вақт онам уйимизнинг томидан менга қараб турарди.

      Отам жаҳл билан онамга бақирди:

СКАЧАТЬ