Биринчидан, ҳали ўзбек мумтоз поэтикасида истеъмолга киритилмаган айрим бадиий санъатларни илмий тадқиққа жалб этиш;
Иккинчидан, ҳар бир бадиий санъатни ички таснифга тортиш.
Учинчидан, бадиий санъатлар амалиётида анъана ва таждид муаммосини ёритиш.
I фасл. Маънавий санъатларнинг сеҳрли олами
“Санъат” сўзи тор маънода бадиий санъатни, яъни сўзга мансуб санъатни билдиради. Бу сўз (сунъ) моҳиятида яратиш, бунёд этиш, янгидан пайдо қилиш тушунчалари яширинган бўлиб, кенг маънода ҳамма касб-ҳунарга доир намунали ютуқ маъносини ифодалайдики, адабиётга ҳам ана шу маъно-тушунча доирасида хизмат қилади. Яъни у бадиий санъат, бу дегани – бадиийликни яратувчи унсурдир. Бадиият биринчи ўринда маъно-мазмун, умуман фикрга тегишлидир. Шунинг учун санъатларнинг маънавий тури етакчи бўлиб ҳисобланади. Маънавий санъатларнинг бадиий матнга бағишлайдиган фазилатлари шунчалик кўпки, уларни жуда қисқартирганимизда қуйидаги манзарани кузатишимиз мумкин. Маънавий санъатлар:
• матнга кўп маънолилик бағишлайди;
• маъно хилма-хиллигини бағишлайди;
• ўзаро зид маъноларни ифодалайди; икки ва ундан ортиқ предметларни зидлаштиради;
• ўқувчини иккилантирадиган икки маънолиликни юзага келтиради;
• воқелик ва ундаги нарса-предметларни йириклаштиради, улканлаштиради;
• воқелик ва ундаги нарса-предметларни кичрайтиради. Ушбу ҳар иккала ҳолатда ҳам образлилик яратиш унинг бош вазифаси бўлиб ҳисобланади;
• сифатлайди;
• ўхшатади, қиёслайди, таққослайди. Мазкур икки ҳолатда ҳам образлилик вужудга келтириш асосий вазифа сифатида қаралади;
• янги фикр айтиб уни асослайди:
а) мисол билан исботлайди (тамсил);
б) ҳикмат билан, мақол билан исботлайди (ирсоли масал);
в) матал билан исботлайди (таъбир);
г) ҳадис билан исботлайди (таҳдис);
д) бирор шоир фикри билан исботлайди, далиллайди (иқтибос ёки тазмин);
е) ҳатто унга дахли бўлмаган асосни келтириб ҳам далиллаб ўқувчини қойил қолдиради (ҳусни таълил).
• сўзни ўзга, кўчма маънода қўллайди ва бунга ўқувчини ўргатади;
• гапни кўчма, бошқа маънода қўллайди ва мазмунни кескин ўзгартиради;
• бир-бирига дахлдор сўзлар тизимидан уйғунлик яратади.
Муҳими, ушбу хусусият, фазилатларнинг ҳаммаси ўқувчида билиш, уқув ва бадиий идрокни тарбиялаш, кучайтириш, бадиий матндан маънавий-эстетик мукаммал завқ-шавқ олишга йўналтирилган бўлади.
“Илми саноеъ”даги айрим бадиий санъатлар эски ёзуви билан алоқадорлиги туфайли бора-бора фақат илмий жамоатчилик учунгина ўз сирларини очадиган бадиият манбалари бўлиб, кўпчилик китобхонлар улардан бебаҳра бўлиб қолаверадилар. СКАЧАТЬ