Название: Чернобиль таваллоси
Автор: Светлана Алексиевич
Издательство: Автор
isbn: 978-9943-23-212-9
isbn:
У ерда, қабрида Наташа Игнатенко деб ёзилмаган… Фақат эримнинг исми-шарифи бор… Унинг исми йўқ эди, ҳеч нарсаси йўқ эди… Фақат руҳи… Руҳини ҳам ерга кўмганман…
У ерга доим иккита гулдаста олиб бораман: биттаси – унга, иккинчисини бурчакка, қизим учун қўяман. Қабр олдида чўккалайман… Доимо тиззамда чўккалайман… (Пала-партиш сўзлайди.) Уни мен ўлдирганман… Мен… У эса… Мени қутқарди… Қизчам мени қутқарди, ҳамма радиозарбни ўзига олди, гўё бу зарбани қабул қилувчига айланди. Миттигинам. Ушоққинам. (Нафаси бўғилади.) У мени асради… Лекин мен уларнинг иккаласини ҳам севардим… Ахир… Ахир муҳаббат билан ўлдириш мумкинми? Шунақа, муҳаббат билан!!! Нега улар ёнма-ён? Муҳаббат ва ўлим. Улар доимо бирга. Ким менга тушунтиради? Ким айтиб беради? Қабр узра тиз чўкканча судраламан… (Узоқ жимиб қолади.)
…Киевда менга уй беришди. Атом станциясидан кетганларнинг барчаси айни пайтда шу каттакон уйда яшайди. Ҳаммаси танишларимиз. Хонадонимиз катта, икки хонали, оҳ, Вася иккимиз буни қанчалар орзулагандик. Мен эса бу уйда ақлдан озаёздим! Қаёққа қарамай, ҳар бир бурчагида – ҳамма ерда уни кўраман… Унинг кўзлари… Жим ўтирмаслик, мусибатни унутиш учун таъмирлашни бошладим. Икки йил тинмадим… Туш кўрдим… Иккимиз кетяпмиз, у эса ялангоёқ боряпти. “Нега оёқялангсан?” – сўрайман. “Чунки ҳеч нарсам йўқ”, – дейди у.
Черковга бордим… Руҳоний ота: “Катта бичимдаги бошмоқ олиб, кимнингдир тобутига қўйиш керак. Бу бошмоқ унга экани ёзилган қоғоз қистириб қўйиш лозим”, – деб ўргатди. Шундай қилдим… Москвага келдим ва дарҳол черковга бордим. Москвада унга яқинроқман… У шу ерда, Митинск қабристонида… Черков хизматчисига бор гапни, унга бошмоқни бериб юборишим кераклигини айтдим. “Буни қандай қилишни биласанми?” – сўради у. Яна бир марта тушунтирдим… Худди шу пайтда кекса бир отахонни дафн қилишга олиб келишди. Тобут яқинига келдим, ёпқичини кўтариб, ичига бошмоқларни қўйдим.
– Хат ёзиб қўйдингми?
– Ҳа, ёздим, лекин қайси қабристонда ётганини ёзмадим.
– У ёқда ҳаммалари битта дунёда. Уни топиб олишади.
Яшашга ҳеч бир иштиёқим қолмади. Кечқурун дераза тагида турганча самога тикиламан: “Васенька, нима қилай? Сенсиз яшашни истамайман”. Кундузи болалар боғчаси ёнидан ўтаман, тўхтаб қоламан… Қарай олсам, болаларга қарайман… Мен ақлдан оздим! Кечалари ёлвора бошладим: “Васенька, фарзанд кўраман. Энди ёлғиз қолишдан қўрқяпман. Бошқа чидай олмайман. Васенька!!!” Бошқа гал бундай ялинаман: “Васенька, менга эркак керакмас. Мен учун сендан яхшиси СКАЧАТЬ