Название: Чернобиль таваллоси
Автор: Светлана Алексиевич
Издательство: Автор
isbn: 978-9943-23-212-9
isbn:
Мана шундай яшаяпман… Бир вақтнинг ўзида ҳам ҳаққоний ва ҳам хаёлий дунёда. Қай ер менга яхшилигини билмайман… (Туради. Дераза олдига келади.) Бу ерда бизникилар жуда кўпчилик. Бутун кўча, кўчани ҳам шундай – чернобилликлар кўчаси, дейишади. Бу одамлар бир умр станцияда ишлаган. Кўплари ҳозир ҳам посбонликка боради, энди станцияда навбатчилик асосида хизмат қилади. У ерда энди ҳеч ким яшамайди ва ҳеч қачон яшай олмайди. Уларнинг барчаси оғир касал, ногиронлиги бор, бироқ ишларини ташламайди, бу ҳақда ўйлашга ҳам қўрқади. Реакторсиз уларнинг ҳаёти йўқ, реактор – улар учун ҳаёт. Бошқа бир ерда улар кимга ҳам керак? Кўпинча ўлиб қолишади. Дафъатан ўлишади. Юрган йўлида вафот этади – қадам ташлаётиб, бирдан йиқилади, ухлайди ва қайтиб турмайди. Ҳамшира қизга гул кўтариб борганида юраклари тўхтаб қолади. Бекатда автобус кутиб турганида… улар ўлади ва уларни ҳеч ким астойдил сўроққа тутмайди. Нимани бошдан кечирганимиз ҳақида… Нималарни кўрганимиз тўғрисида… Одамлар ўлим ҳақида эшитишни хоҳлашмайди. Даҳшатли нарсаларни ҳам…
Лекин мен сизга муҳаббат ҳақида сўзладим… Қанчалар севганим ҳақида…
Муаллифнинг ўзи билан суҳбати
Мен – Чернобилнинг шоҳидиман… Гарчанд бу аср даҳшатли урушлар ва инқилоблар билан хотирада қолган бўлса-да, мен йигирманчи асрнинг энг асосий ҳодисасига гувоҳман. Ҳалокатдан сўнг йигирма йил ўтди, аммо мени ҳануз бир савол қийнайди – нимадан гувоҳлик бераман: ўтмишданми ёки келажак ҳақида? Жўнлик томон тойиб кетиш жуда осон… Ваҳшат жўнлиги томон… Бироқ мен Чернобилга янги бир тарихнинг бошланиши сифатида қарайман, у нафақат билим, балки билимдан ҳам аввалги нарсадир, чунки инсон ўзи ва дунё тўғрисидаги олдинги тасаввурлари билан баҳсга киришди. Биз ўтмиш ёки келажак ҳақида сўзлар эканмиз, бу сўзларга замон ҳақидаги тасаввурларимизни юклаймиз, аммо Чернобиль – энг аввало, замон ҳалокатидир. Заминимизга сочиб ташланган радионуклидлар эллик, юз, икки юз минг йиллар яшайди… Ва ундан ҳам кўпроқ… Инсон ҳаёти нуқтаи назаридан улар боқийдир. Бундан нимани англай оламиз? Бизга нотаниш бу даҳшат ичра бирор маънони топиш ва англашга кучимиз етадими?
Бу китоб нима ҳақида? Уни нега ёздим?
– Бу китоб Чернобиль ҳақида эмас, у Чернобиль дунёси ҳақидадир. Ҳодисанинг ўзи ҳақида минглаб саҳифалар ёзилди ва у юз минглаб метрли кинотасмаларга муҳрланди. Мен эса ўтказиб юборилган тарих деб атаса бўладиган нарсалар, бизнинг шу заминдаги ва шу замондаги ҳаётимизнинг изсиз излари билан шуғулланаман. СКАЧАТЬ