Название: Жаллод аёл
Автор: Наби Джалолиддин
Издательство: Yangi asr avlodi
isbn: 978-9943-20-885-8
isbn:
– Йў-ўқ, қорним тўқ, – деди бесаранжом типирчилаб. – Ринат амаки… а йўқ, Ринат қаерда?..
Турди унга ҳирс ила тикилди.
– Ринатни нима қиласан, мен турибман-ку! – деди ютиниб.
Қизнинг кўзлари уники билан тўқнашиб, эти сесканиб кетди.
– Йў-ўқ, – дея эсанкираб, каловланди-да, – ҳа, майли, кейин келарман! – деганча дарсхона томон чопди.
Турди иршайганча қолди…
Навбатдаги фан қайси эди ёдида йўқ, аммо Жела боягина кечган кўйини одатдагидек ҳозирданоқ тез унутди. Барча кўниккан феъли боис тушгача борки саволларга, нигоҳларга аниқ-тиниқ жавоб берди. Настя бундан икки ҳисса ҳайратда ўтирарди. Чунки ҳалигина жиннидек туюлган жон ўртоғи, ўқитувчиларнинг сўроқларига митти қизалоқнинг ўз қўғирчоғи билан пинҳона гаплашаётгандаги ҳолатида жавоб қайтарарди. Ҳеч нарсага чалғимасди, ангорида паришонликдан асар ҳам йўқ эди. Настя енгил тортди: Лёня билиб айтган экан, Жела нафақат «шунақароқ», ҳатто бошқачароқ қиз!..
Асрда одатда кўплар орқа боғ-ҳовлида дайдишни бошлашади. Дарслардан сўнг ўқитувчи ва тарбиячилар болаларни озод қўйишади. Ўзларини уйдагидек ҳис этишсин дейишади-да. Ҳар кимнинг ўз қадрдон дарахти бор. Желанинг одам бўйи қисмидан айриланиб, уч қулочча тепада тарвақайлаб кетган ўриги бор. Ғадир-будир танаси қўнғир-қора. Ёшини аниқлаш мушкул. Аслида у кўпам меваларнинг фарқига боравермайди. Эҳтимол ўзбекмаслигидандир. Сўрай деса, «детдом»да ўзбек болалар йўқ ҳисоби. Билган-билмаган катталар у дейди, бу дейди, аммо ҳануз меваларнинг фарқига боролмайди. Унинг ўйлашича, ўрик ғирт ўзбекона дарахт. Биринчидан, туси, сўнг ҳайбати – катта-да! Энг асосийси, жуда чидамлига ўхшайди. Чунки иссиқда ҳам, совуқда ҳам, барги тўкилганини айтмаса, мутлақо ўзгармайди. Билганлар унга ортиқча парваришнинг ҳожати йўқ, дейишганини кўп эшитган. Аммо меваси жуда ширин. У миллат деганларини унча англамайди-ю, ўзича ўзбеклар ўрикка ўхшаса керак, деб қўяди. Чунки суйган дарахти жуда меҳрибон-да! Шунақа пайтда, қанийди, бирорта ўзбек ўртоғим бўлса, дея ўйлагани ҳам рост. Булар-ку, кўчага кам чиқишади – тартиб шунақа. Мабодо бу бахт насиб этса ҳам то қайтгунларича одамларнинг эътиборидан толиқишади. Қаерга борсалар, айниқса, бозорда, уларга айрича боқишади: раҳмлари келаётгани-ку, шундоққина билиниб туради, энг оғири, шафқат балққан нигоҳларининг «Ҳа, етимчагиналар!» деётгандек туюлишидир. Шунинг ортидан ҳимматлари тутиб, бир нималарни инъом қилишга тушишади. Чин юракдан эканини болалар ҳис қилишади, бироқ… (Уруш йилларида жанглар бўлаётган ҳудудлардан Ўзбекистонга жуда кўплаб болалар олиб келинган. Уларнинг аксарияти ота-оналаридан айрилган эдилар. Шунинг учун халқимиз бу норасидаларга бағоят меҳр-шафқат билан боққан. Шунданми, ўзбеклар «детдом» деганда етимлар яшайдиган жойни тушунишган (аслида ҳам шундай бўлган). Шунинг учун бизда ўз боласини «детдом»га бериш ор саналган. (Ҳозирги «Меҳрибонлик уйи» деб аталувчи жойлардаги болаларнинг асосий қисми эса ўзбеклардир. СКАЧАТЬ