Жаноб де Тревиль тўрт оғайни ҳамроҳлигида Луврга шошилди. Лекин, у ерда мушкетёрлар капитанини лол қолдириб, қиролнинг Сен-Жермен ўрмонига буғу овлагани жўнаб кетганини хабар қилдилар. Жаноб де Тревиль бу янгиликни икки марта такрорлашга мажбур қилиб, гал сайин кўпроқ қовоғини соларди.
– Овга чиқишга ҳазрат олийлари кеча қарор қилдиларми? – сўради у.
– Йўқ, жаноб олийлари, – жавоб берди маҳрам, – тунда буғу қуршаб олинганини бош мерган бугун эрталаб уларга хабар қилди. Қирол аввал бормайман деди, кейин бундай эрмакдан воз кечгани кўнгли бўлмай – барибир кетди.
– Қирол кетиш олдидан кардинал билан кўришганмиди? – сўради жаноб де Тревиль.
– Шундай бўлса, эҳтимол, – жавоб берди маҳрам. – Падари бузрукворнинг қўшилган извошини бугун эрталаб дарвозахонада кўриб эдим. У қаёққа бормоқчи, десам, менга Сен-Жерменга деб жавоб қилишди.
– Биздан ўзиб кетишипти, – деди де Тревиль. – Бугун кечқурун мен қиролни кўраман, жаноблар. Сизларга келганда эса, қиролга рўбарў бўлишни маслаҳат бермайман.
Маслаҳат жуда тўғри, энг муҳими, қиролни тўкис билган кишидан чиққан эдики, тўрт оғайни у киши билан баҳслашиб ҳам ўтирмадилар. Жаноб де Тревиль уй-уйига тарқаб, кейинги маълумотларни кутишни таклиф этди.
Уйга қайтгач, де Тревиль шошилинч, биринчи бўлиб арз қилиш керак, деб кўнглидан кечирди. У мулозимларининг бирини жаноб де Ла Тремул ҳузурига мактуб билан юборди, унда кардинал хизматида бўлган гвардиячини ўз уйидан ҳайдаб чиқаришини ва мушкетёрларга ҳужум қилишга журъат этганлари учун ўз одамларига танбеҳ беришни ўтинган эди. Бернажуга рақобати бўлган ўз отбоқари томонидан аллақачон огоҳ қилинган жаноб де Ла Тремул жаноб де Тревилнинг ҳам, мушкетёрларнинг ҳам арз қилишлари ярашмаган қилиқ, чунки, аксинча, мен ўзим шикоят қилсам бўлади, зеро, мушкетёрлар хизматкорларимга ҳужум қилишган, ҳатто, уйимга ўт қўймоқчи ҳам бўлишган деб жавоб қилди. Бу икки мансабдорнинг жанжали анча узоқ чўзилиши мумкин эди, уларнинг ҳар бири ҳам ўз сўзида туриб олиши аён эди, лекин, де Тревиль бир чора ўйлаб топдики, у ҳаммасини равшанлаштириши зарур эди. У шахсан ўзи жаноб де Ла Тремулникига боришга аҳд қилди.
Жаноб де Ла Тремулнинг уйига етиб, у ўзи тўғрисида ахборот беришни буюрди.
Мансабдорлар илтифот билан таъзим қилдилар. Гарчи, дўстлик ришталари билан боғланмаган бўлсалар-да, улар бир-бирларини иззат қилишарди. Протестант ўлароқ де Ла Тремул саройда кам бўлар ва шунинг учун ҳеч бир партияга кирмагани сабабли, у, одатда, ўзининг кишилар билан муносабатларига эгри фикр аралаштирмасди. Бу дафъа де Тревиль тавозе билан бўлса-да, ҳар вақтдагидан совуқроқ манзират қилинди.
– Тақсир, – деди мушкетёрлар капитани, – иккимиз ҳам ўзимизни озор топган, деб ҳисобламоқдамиз, мен сиз билан биргаликда бу ишнинг ҳамма жиҳатларини аниқлаш учун ҳузурингизга ташриф буюрдим.
– Жоним билан, – жавоб берди де Ла СКАЧАТЬ