– Тан олишим керак, ҳазрат олийлари, – деди де Тревиль, – олтин хазиналар уларнинг тоғларида ҳали-бери топилганича йўқ, гарчанд, раҳматлик отангизнинг тахт учун курашида қўллаб-қувватлаганлари учун худойим шундай мўъжиза яратса бўларди.
– Бундан чиқди, отамнинг ўғли бўлганимдан кейин мени ҳам гасконликлар қирол қилиб қўйибдилар-да, тўғрими, Тревиль? Хўш, бош устига, бу менга маъқул… Ла Шене, бориб менинг ҳамма чўнтакларимни кавлаштириб кўринг – қирқ пистол топилармикан, агар топилса, бу ёққа келтиринг. Унгача эса ҳаммаси қандай содир бўлганини қўлингизни кўксингизга қўйиб, сўзлаб беринг, йигитча.
Д’Артаньян кечаги ҳодисани майда-чуйда тафсилотларигача: ҳазрат олийларини кўраман деб азбаройи қувонганидан уйқуси қочиб, ўз дўстларининг ёнига қабулдан уч соат илгари ташриф буюргани, улар биргалашиб майхонага жўнаганлари ва Бернажу уни юзига копток тегиб кетишидан ҳадиксираётганини пайқаб, мазах қила бошлагани ва бу масхаралари касрига ҳаётини бой бераёзгани, бунга мутлақо алоқаси йўқ де Ла Тремул эса товонига уйидан Болупар бўлишига сал қолганларини ҳикоя қилди.
– Шундай! Ҳаммаси худди менга герсог сўзлаб бергандай!.. Шўрлик кардинал! Икки кунда етти киши-я, яна энг кўнглига яқинлари!… Лекин, энди бас, жаноблар, эшитаяпсизми? Бас! Сизлар Феру кўчасининг қусурини, ҳатто, ортиғи билан чиқардиларинг. Кўнглингиз тўлса бўлади.
– Ҳазрат олийларининг кўнгиллари тўлган бўлса, бизники ҳам тўлди, – деди де Тревиль.
– Ҳа, кўнглим тўлди, – деди қирол ва Ла Шененинг қўлларидан бир ҳовуч олтин тангаларни олиб, уларни д’Артаньяннинг ҳовучига солиб қўйди. – мана, – қўшиб қўйди у, – кўнглим тўлганининг исботи.
У замонларда бизнинг кунларда тарқалган ғурур тўғрисидаги тушунчалар ҳали расм бўлмаган эди. Дворян қирол қўлларидан пул олар экан, сира орияти келмасди. Шунинг учун д’Артаньян олган қирқ пистолни тортинмасдан чўнтагига солиб қўйиб, ҳатто, қуюқ миннатдорчилик ҳам билдирди.
– Хўш, жуда соз, – девор соатига кўз югуртириб деди қирол. – Жуда соз. Ҳозир саккиз ярим бўлиб қолибди. Тўққизда баъзи бировларни кутяпман, деб айтиб эдимку. Садоқатингиз учун ташаккур, жаноблар. Мен унга келгусида ҳам ишонсам бўлади, тўғрими?
– Ҳазрат олийлари, – бир овоз билан хитоб қилди тўрт улфат, – қиролимиз учун ўзимизни тилка-тилка қилдирардик.
– Яхши, яхши! Лекин, тилка-тилка бўлмаганингиз маъқул. Шунда мен учун яхшироқ ҳам нафи кўпроқ бўлади… Тревиль, – ёш йигитлар чиқаётган пайтда нимтовушда қўшиб қўйди қирол, – полкингизда бўш ўрин бўлмагани важҳидан, бунинг устига полкка синовсиз қабул қилмасликка қарор ҳам қилиб қўйдик, бу йигитни куёвингиз жаноб Дезессаранинг гвардия ротасига жойлаштириб қўйинг… Эҳ, азбаройи шифо, кардиналнинг афти буришишига ҳозирдан қувоняпман! Унинг жони чиқиб кетади, лекин менга барибир. Мен адолат юзасидан иш тутдим.
Қиролнинг СКАЧАТЬ