Портос билан Арамис ўйин билан шу қадар андармон, Атос бўлса уларни шу қадар берилиб кузатмоқда эдики, гвардиячига ваъда қилганидек, чиқиб бўсағада тўхтаган ёш йигитнинг кетганини уларнинг ҳеч бири сезмади. Бир-икки дақиқадан кейин гвардиячи унинг изидан чиқди. Д’Артаньян пешинга тайинланган қирол қабулига кечикишдан қўрқиб, интиқарди. Атрофга аланглаб, у кўчанинг бўм-бўшлигини кўрди.
– Худо ҳаққи, – рақибига мурожаат қилиб гапирди у, – ўзингизни Бернажу десангиз ҳам омадингиз бор экан! Сиз фақат шогирд-мушкетёрга йўлиқибсиз. Дарвоқе, ташвиш тортманг: мен қўлимдан келганини аямайман. Ҳимоя қилинг ўзингизни!
– Назаримда, – деди д’Артаньян чорлаган гвардиячи, – назаримда, жой нобопроқ танланган. Сен-Жерменнинг орқасида, ёки, Пре-о-Клеркда учрашсак, бемалолроқ бўлармиди.
– Сўзларингиз жуда ўринли, – деди д’Артаньян. – Афсуски, вақтим зиқ. Роппа-роса соат ўн иккида мулоқотим бор. Шунинг учун ўзингизни ҳимоя қилинг, тақсир, ҳимоя қилинг!
Бернажу бу хил таклифни такрорлатиб ўтирадиганлардан эмасди. Шу заҳотиёқ у қўлда қиличини ярақлатиб, ёшлигини юз-хотир қилиб, фақат бир қўрқитиб қўймоқчи бўлган рақибига ташланди.
Лекин, д’Артаньян куни-кеча яхши сабоқ олган эди. Ғалаба иштиёқидан бутун вужудини титроқ босиб, кутилажак марҳаматдан фахрланиб, у бирор қадам чекинмасликка қатъий қасд қилган эди. Қиличлар жаранглаб чалишди. Д’Артаньян дадил турди, рақиб эса бир қадам чекинишга мажбур бўлиб қолди. Бу ҳаракат пайти Бернажунинг қиличи сал оғишганидан фойдаланиб, д’Артаньян қиличини бўшатиб олди-да олға ташланиб, тиғни рақибнинг кифтига тегизди. Д’Артаньян шу замон орқага чекиниб, қиличини кўтарди. Лекин, Бернажу, бу ҳеч гап эмас, деб қичқирди-да, дадил олға чиқиб, д’Артаньяннинг қиличига ўзи бориб урилди. Лекин, барибир, у йиқилмас, ўзини мағлуб деб ҳам тан олмас, фақат ўзини бир қариндоши хизматда бўлган де Ла Тремул иморати сари чекинарди, холос, ўзи рақибига берган сўнгги жароҳатнинг нақадар оғирлиги тасаввурида ҳам йўқ д’Артаньян шиддат билан уни қисиб борар, эҳтимол, ўлдириб ҳам қўярди. Бироқ, кўчадаги шовқинни копток ўйналаётган хонада эшитиб қолишди. Гвардиячининг дўстларидан уни д’Артаньян билан бир-икки оғиз сўз ташлашиб, кейин унинг орқасидан чиқиб кетганига кўзи тушган икки нафари қиличларини суғуриб, хонадан чопиб чиқиб, ғолибга ёпишдилар. Аммо, айни шу онда Атос, Портос ва Арамислар ҳам ўз навбатида бўсағада пайдо бўлдилар ва ёш дўстларига ҳужум қилаётган икки гвардиячига ёпирилиб, уларни ўзлари томон ўгирилишга мажбур қилдилар. Шу пайт Бернажу йиқилиб тушди, тўрт кишига қарши иккаловигина қолган гвардиячилар шовқин кўтаришди:
– Де Ла Тремулнинг одамлари, ёрдамга!
Бу нидога де Ла Тремулнинг уйида бор одамлар ёғилиб чиқди-ю, тўрт мушкетёрга ташланишди.
Лекин, мушкетёрлар ҳам ўз навбатида жанговар наъра тортдилар:
– Мушкетёрлар, СКАЧАТЬ