– Мен у йигитни бир кўрай, Тревиль уни бир кўрай, агар унинг учун бирор нарса қилишнинг иложи бўлса, биз бу билан шуғулланамиз.
– Ҳазрат олийлари уни қачон қабул қилишни мақбул кўрадилар?
– Эртага пешинда, Тревиль.
– Ёлғиз ўзини бошлаб келайми?
– Йўқ, тўртовини бирга келтиринг. Мен уларга бир вақтда миннатдорлик изҳор қилмоқчиман. Содиқ кишилар ҳадеб учрайвермайди, Тревиль, садоқат мукофотга арзийди.
– Пешинда Луврда бўламиз, ҳазрат олийлари.
– Кичик дарвозадан, Тревиль, кичик дарвозадан. Кардинал ғофил қола қолсин.
– Эшитаман, жаноб олийлари.
– Сиз тушунасиз, Тревиль: фармон бу, барибир, фармон. Ахир ҳарҳолда уришиш тақиқланганлиги бор-да.
– Бироқ, бу тўқнашув оддий мубораза доирасидан мутлақо чиқиб кетган. Бу жанг, энг яхши далил эса шуки – менинг уч мушкетёрим билан жаноб д’Артаньянга қарши кардинал гвардиячилари беш нафар эдилар.
– Тўғри, – деди қирол. – Лекин, барибир, кичик дарвозадан келинг, Тревиль.
Тревиль жилмайди. У боланинг устозига қарши бош кўтаришга эришган, бу эса катта гап эди. У қирол қаршисида илтифот билан эгилиб, чиқиб кетишга ижозат сўради. Ўша оқшомдаёқ учала мушкетёр ҳам ўзларига кўрсатилажак марҳаматдан огоҳ қилинди. Қиролни анчадан бери билганлари сабабли улар кўп ҳаяжонланмадилар. Лекин, д’Артаньян ўзининг гасконча тасаввури билан бу воқеада келгуси муваффақиятларнинг нишонасини кўрди ва тун бўйи ёрқин лавҳаларни чизиб чиқди. Эрталаб соат саккизда у аллақачон Атосникида эди.
Д’Артаньян мушкетёрнинг кийиниб чиқишга чоғланиб тургани устидан чиқди. Қиролнинг қабули пешинга тайинлангани учун Атос Люксембург ошхоналари ёнидаги майхонага бориб, у ерда бир оз копток ўйнаш тўғрисида Портос ва Арамис билан ваъдалашган эди. У д’Артаньянга ўзи билан бирга кетишни таклиф қилди. Гарчи, ўйинни билмаса-да, у рози бўлди. Вақт энди тўққиз бўлиб, йигит ўн иккига қадар нима қиларини билмай турган эди.
Портос билан Арамис аллақачон келган ва эрмак учун бир-бирларига копток ирғитишмоқда эдилар. Ҳамма жисмоний машқларда жуда чаққонлик кўрсатадиган Атос д’Артаньян билан майдончанинг қарши томонида туриб, уларга суришишни таклиф қилди. Лекин, гарчи, чап қўли билан ўйнаса-да, бу хил машқ учун жароҳати ҳали жуда янгилигини тушунди. Шу зайл д’Артаньян ёлғиз қолди, ҳамма қоидалар бўйича ўйнамоқ учун ҳали ўта тажрибасизлигини огоҳлантириб қўйгани учун мушкетёрлар ҳамон очко ҳисобламай, копток ирғитардилар. Портоснинг забардаст қўлидан чиққан бир копток учиб ўта туриб, д’Артаньяннинг юзига тегаёзди, агар копток учиб ўтиб кетмай, унинг юзига теккан тақдирда, эҳтимол қабулнинг иложи бўлмаслиги йигитнинг хаёлидан ўтди, чунки унинг бора олиши даргумон бўлиб қолади. Ахир гасконча тасаввурида намоён бўлишича, унинг бутун истиқболи шу қабулга боғлиқ эди-да. У илтифот ила Портос билан Арамисга таъзим қилди-да, улар билан беллашишга қурби етганда ўйинни давом эттиражагини айтди. Шу сўзлар билан у СКАЧАТЬ