Туйғулардан мусиқа туғилади, мусиқадан туйғулар туғилади. Қайсисини биринчи ўринга қўйиш керак?
Худди кўпчиликни ўйлантирадиган саволга ўхшайди, нима олдин пайдо бўлган: тухумми ё товуқ? Худди шундай: ёзувчи мавзуни танлайдими, ё мавзу ёзувчиними? Мавзу ёзувчининг дунёси, ёзувчининг ўзи. Ёзувчи мавзусиз мавжуд эмас. Ҳар бир ёзувчининг ўз мавзуси бор.
Фикр ва туйғулар – қуш, мавзу – осмон; фикр ва туйғулар – буғу, мавзу – ўрмон; фикр ва туйғулар – кийик, мавзу – тоғ; фикр ва туйғулар – йўл, мавзу – шаҳар, унда барча йўллар туташади.
Менинг мавзуим – Ватан! Ватанни танлашимга ва излашимга ҳожат йўқ. Биз Ватанни танламаймиз, чунки Ватан бизни аллақачон танлаб бўлган. Самолёт бўлмаса аэродром қурилмайди. Худди шундан ёзувчи Ватансиз бўлиши мумкин эмас.
Бургут товуқлар орасида бемалол юраверса, энди у бургут эмас. Тоғ такаси жамоа хўжалиги отарида ёйилиб юраверса, энди у тоғ такаси эмас. Гулмоҳи аквариумда сузаверса, энди у гулмоҳи эмас.
Самолёт музейда турган бўлса, энди у самолёт эмас, оддий экспонат.
Худди шундай, сайрамайдиган булбул асло булбул эмас.
ЯНА МАВЗУ ҲАҚИДА. Менга болалигимдан битта манзара ёқади. Отамакон уйимнинг деразаси очилиши билан тоғ ён бағридаги ям-яшил кенглик кўринади, гўё овул оёғи остига ёзилган пояндоз. Қоялар унга таъзим бажо қилишиб қараб туришгандай туюлади. Болалигимдан тоғ ён бағридаги сўқмоқлар илонларни, дарадаги ғорларнинг оғзи йиртқичларнинг оғзини эслатади. Олис тоғларнинг қоялари бир-бирига суяниб олишган. Тепалари думалоқ, қорамтир, туянинг жунли ўркачига ўхшайди.
Энди-ку биламан, Швейцария ёки Неапаль тоғларида бундан чиройли манзарали жойлар бор. Лекин қаерда бўлмай, қайси табиат гўзаллигига қарамайин кўрганларимни болалигимда отамакон уйимнинг деразасидан хаёлимни ўғирлаган манзарага солиштираман ва кўз олдимда қаршимдаги намоён табиат гўзаллиги ўрнида ўша болалигимдаги манзара жонлана бошлайди. Агар қандайдир сабаб билан хотирамда овулим ва унинг атрофидаги манзара яшамаганда мен учун дунё юраксиз кўкрак қафасига, қорачиғи йўқ кўзга, тилсиз оғизга, қушсиз уяга ўхшарди.
Бу мавзуимни овулимнинг чегараси, ҳовлимнинг кегараси билан белгилайман ва шу чегара-кегараларда баланд девор тиклайман деганим эмас.
Шундай далалар бор, плугда чуқур шудгор қилганингдан кейингина юмшоқ тупроқ бошланади. Шундай далалар бор, плугда устки қаватини шудгор қилишинг билан тошлоқ қисми кўринади. Шундай далалар бор, уларни шудгор қилиш шарт эмас. Чунки тошлоқ шундоқ кўзга ташланиб туради. Бари бир бундай далаларда ҳосил олиб бўлмайди.
Она тупроғимга бўлган меҳримни энди беминнат ишлаган от каби боғлиқ ҳолда ушлаб турмоқчи эмасман, уни ям-яшил яйловга эркин қўйиб юбориш керак. Мен отнинг юганини оламан, бўйнига шаппатилаб уриб силаб қўяман, майли, СКАЧАТЬ