СКАЧАТЬ
ўзига келолмай ҳовлида уёқдан-буёққа юрди. Ҳадеганда кўз олдига Тоҳира сатангнинг совуқ башарасию косасидан чиқиб кетгудай қисиқ кўзлари, пулини талаб қилиш баробарида шаллақилик билан уни жеркиб ташлашлари, яна “қайнатангни бошлаб бормасин ‒ эрингга айтиб қўй”, дея шарт қўйишлари қаёқдандир хаёлига келиб унинг вужудида турли ғалаёнларни қўзғатди-ю, аммо бу ғалаёнларни ичига ютиш кераклигини, буларнинг ҳаммасини юрагига қаттиқ оладиган бўлса бирор-бир дардга ҳам чалиниб қолиши ҳеч гап эмаслигини ақли унга кўрсатиб, яна ишини давом эттириш мақсадида саваётгани жунлари тепасига келди. Қўли ишга бормаса-да, ўзини мажбурлаб қизил бўз устидаги беқасам кўрпачани берироқ суриб устига жойлашиб ўтирди, чап томонидаги тол хипчинларни икки қўлига оларкан, чала-ярим савағлиқ қолган ярми қўнғир-ярми қора-оқ жунлар уюмининг бир нуқтасига кўзларини қаратди. Хаёлидан шу дамда яна қайнонасининг бирда айтган гаплари ўтди: “Подшонинг ишқи қурбақага тушган экан-да! Қиз қуриб қолгандай, Рашид мана шу кўзи қисиқни уйга бошлаб келганини-чи?!” “Ҳа, ҳа, ‒ деди у ўзига-ўзи, ‒ қурбақадан ҳам баттари экан бу Тоҳира сатанг деганлари, ўтиб тушгани экан!..”, деб мулоҳазаланди, мазкур фикр-ўйлари ортидан бу ерга кўчиб келмасларидан бурун, Хончорбоқдаги эски ҳовлида яшаётган кезлари, бирда ширгуруч қилганида, қайнотаси Абдурасул ака: “Шундан бир косага солинг-да, устига озроқ сарёғ суртиб бувингизга олиб чиқиб беринг!”, деганида, девор-дармиён қўшни ҳовлида истиқомат қилувчи Риҳси кампирникига чиққанидаги ана шу кенжа келини Тоҳира сатанг билан боғлиқ бўлгани воқеа ёдига тушди…
6
Карима бу хонадонга иккинчи келин бўлиб тушганига ҳали кўп бўлмаган, ҳали тўнғич қизи Камола дунёга келмаган, ҳали қайноғаси Анвар ўз оиласи билан жой олиб чиқиб кетмаган, ҳали қайниси Акбар ҳам уйланиб улгурмаганди. Ҳали куз ҳам келиб улгурмаган кунларнинг бирида, қайнотаси Абдурасул ака атайлаб онаси учун пиширтиргани ширгуручни пахтагулли косага соларкан, у тунги сменадан қайтишда гузардаги нонвойхонадан харид қилгани иккита ёпган ноннинг бирини коса устига ёпиб, қўшни ҳовлига чиқди.
Карима кириб борганида ҳовлида уч-тўрт бола чуғурлашиб ўйнар, Риҳси кампир эса паст томондаги кўчага қараб қурилган узун айвон ва икки хонадан иборат уйларнинг тўрдагисида ‒ дераза рўпарасидаги ёғоч кароватида ўнг тирсагини сидирға кўк рўмоли билан боғлаб олган кўйи калта оёқларини чўзиб ўтириб, букчайганча болаларнинг ўйинини томоша қиларди.
Ҳайҳотдай ҳовлида болалардан бўлак ҳеч зоғ кўринмас, бу Карима учун айни муддао бўлиб, этак томондаги Риҳси кампир ўтирган уйга бехижолат, бехавотир, ҳеч бир истиҳолага бормай кириб боришига имкон берди. У айвон зинасидан кўтарилиб, тўр томонида катта, энли токчаси бўлган, ана шу токчага ўз замонасининг олди рангли телевизорларидан бири саналган “Радуга” жойлаштирилиб, хонанинг ягона арзирли жиҳозига айланган нисбатан кичикроқ биринчи уйдаги қўштабақа эшик орқали ичкарига ўтди. Қайнона бувисига салом берди.