Название: АЖИБ ЯНГИ ДУНЁ
Автор: Олдос Ҳаксли
Издательство: Asaxiy books
isbn: 978-9943-23-192-4
isbn:
Аммо Раҳбар соатига қараб қолди.
– Ўн дақиқа кам уч, – деди у. – Афсуски, интеллектуал эмбрионлар учун бизда вақт қолмади. Болаларнинг кундузги уйқу вақти тугагунча боғчага чиқишимиз керак.
Жаноб Фостернинг кайфияти тушди.
– Ҳеч бўлмаса, Очиб чиқариш залига бир кўз ташлайлик, – ялинди у.
– Унда яхши, – илтифотли жилмайди Раҳбар. – Фақат бир нигоҳ ташлаймиз.
2
Жаноб Фостерни Очиб чиқариш залида қолдириб, Раҳбар ҳамда унинг талабалари шу яқин орадаги лифт орқали олтинчи қаватга кўтарилди.
Кираверишда “Болалар Боғчаси. Янги-Павловча Рефлекслаштириш Заллари” деб ёзилганди.
Раҳбар эшикни очгач, улар катта ва бўш залга кирдилар. У ер жуда ёруғ ва қуёшли, жанубга қараган девори битта яхлит деразадан иборат эди. Вискоза газламасидан тикилган оқ камзул-иштонли махсус иш кийимлари ва сочларини микроблардан ҳимоя қилувчи қалпоқлар кийган беш ё олти чоғли энага полга гул солинган гулдонларни узун қатор қилиб териб чиқиш билан овора. Бу атиргуллар билан тўлдирилган катта гулдонлар эди. Уларнинг гулбарглари митти малаклар галасининг ёноқлари янглиғ ипакдай силлиқ. Фақат латиф, пушти ҳинд-оврўпа ҳурларининггина эмас, айни вақтда порлоқ чой тусли чинларнинг, ҳам мексикалик буғдойрангларнинг, ҳам само сурчиларининг ғоят ҳимматидан тўқ қизил, ҳам ўлим фаришталари каби бўзарган, мармар қабр тошлари мисол оқ тусда эди.
Раҳбар кирди – энагалар қаддини ростлашди.
– Китобларни жой-жойига қўйинг, – деди у қисқагина қилиб.
Энагалар сўзсиз бўйсунишди. Гулдонлар орасига терилган катта бичимдаги болалар учун мўлжалланган китобларни очиб қўйишди. Китобларда ўзига жалб қилувчи, олачипор ранглар билан бўялган ҳайвонлар, балиқ ва қушлар сурати бор эди.
– Энди болаларни олиб киринг.
Энагалар буйруқни бажаргани шошилдилар ва икки дақиқа ўтгач, ҳар бири тўрт қават сим тўрли, баланд араваларни итариб кирдилар. Араваларга саккиз ойлик, бир-бирига икки томчи сувдай ўхшаш (ҳаммаси бир Бокановский гуруҳидан экани маълум эди) ва барчалари “дельта“ синфига оид бўлгани учун мошранг кийим кийгизилган гўдаклар юкланганди.
– Полга туширинг.
Болаларни сим тўрлардан олиб, пастга туширишди.
– Юзларини гул ва китоблар томон буринг.
Китоб ва гулларга кўзи тушган бир саф болалар жим бўлиб қолишди, сўнг эмаклаб, гуллар дастаси, СКАЧАТЬ