Название: АЖИБ ЯНГИ ДУНЁ
Автор: Олдос Ҳаксли
Издательство: Asaxiy books
isbn: 978-9943-23-192-4
isbn:
Фанни ва Ленина бир-бирларига орқа ўгирганча, жимгина кийимларини алмаштиришни давом эттиришди.
– “Тўққиз йиллик уруш”, Буюк иқтисодий чўкиш. Ё бутунжаҳон мамлакатини қуриш ё бутунлай хароб бўлишдан бирини танлаш вазифаси турарди. Ё барқарорлик ё…
– Фанни Краун ҳам жуда кетворган қиз, – деди Бош тайинловчи ёрдамчиси.
Боғчада Синфий ўзликни англаш асосларини мияларга қуйиб бўлишганди, энди эса овозлар саноат молларининг бўлажак истеъмолчиларини тайёрларди. “Мен учишни севаман, – шивирларди овоз, – учишни шундай севаманки, янги кийимлар жон-дилим, янги…”
– Либерализм куйдирги билан якунланди, аммо ҳамма нарсани мажбурлаш билан амалга ошириб бўлмасди.
– Аммо Лениначалик дуркун эмас у. Унчалик эмас.
– Эски кийимлар – ёқимсиз, – давом этарди шивирлаб чарчамаган овоз. – Эскиларини ташлаб юборамиз. Эскини ямагунча эсинг кетар. Эскини ямагунча эсинг кетар. Эскини ямагунча эсинг кетар…
– Ҳукуматнинг иши уриш эмас, ўтиришдир. Мушт билан эмас, мия ва думба билан бошқарасиз. Токи, ҳаммаси ихтиёрий-мажбурий бўлсин. Масалан: истеъмолчилик сафарбарликка айланиб бўлди.
– Мана, мен тайёрман, – деди Ленина, бироқ Фанни унга аввалгидай жавоб бермас, қарамасди ҳам. – Фанни, шириним, яраша қолайлик.
– Ҳар бир эркак, аёл ва болани ҳар йили янада кўпроқ истеъмол қилишга мажбурладик. Ишлаб чиқариш гуркираши учун. Бунинг биргина натижаси…
– Эскини ямаб эсинг кетар. Кўп ямоқ – оз бойлик; Кўп ямоқ…
– Бугун ё эрта, – тушкун оҳангда деди Фанни, – шу қилиқларинг бошингга бало бўлади.
– … катта миқёсидаги онгли итоатсизлик. Истеъмолдан юз буриш. Табиатга қайтиш истаги.
– Мен учишни севаман, учишни шундай севаманки…
– Маданиятга қайтиш истаги. Ҳа-ҳа, айнан маданиятга. Ахир китоб ўқиб ўтирган одамга кўп нарса керак эмас.
– Кўринишим яхшими? – сўради Ленина. У ёқа ва енгларига яшил вискоза мўйнадан ҳошия тикилган шиша рангли ацетат кўйлакда эди.
– Голдес-Гринда оддий ҳаётни тарғиб қилган саккиз юз одамни ётқизиб, пулемёт билан отиб ташладилар.
– Эскини ямаб эсинг кетар. Эскини ямаб эсинг кетар. Эскини ямаб эсинг кетар…
Яшил чийдухоба калта иштон, оқ вискоза-жун пайпоқлар тиззадан пастга қайтарилган.
– Сўнг “Британия музейи қирғини” уюштирилди – икки минг маданият ихлосманди дихлорэтилсульфид гази билан заҳарлаб ўлдирилди.
Оқ-яшил жокей қалпоғи Ленинанинг кўзига соя ташлаб турибди. Унинг пойабзали ёрқин яшил рангда локланган.
– Ниҳоят, – давом этди Мустафо Монд, – Нозирлар англадиларки, зўрлик билан мақсадга эришиб бўлмайди. Машаққатлироқ бўлса ҳам, тенги йўқ, тўғри йўл – эктогенез (туғмасдан кўпайиш) шартли рефлексларни шакллантириш, уйқудаги таълимдир…