Название: АЖИБ ЯНГИ ДУНЁ
Автор: Олдос Ҳаксли
Издательство: Asaxiy books
isbn: 978-9943-23-192-4
isbn:
– Бу – Уруғлантириш зали, – деди Инкубаторий ва Мослаштириш маркази Раҳбари эшикни очаркан.
Раҳбар кирганда уч юз нафар уруғлантирувчи ўз микроскоплари узра мук тушганча нафасларини ичига ютиб, чуқур сукутга чўмганди. Фақат ора-сирада кимдир ҳардамхаёллик билан минғирлаб қўяр, диққати бўлиниб, ҳуштак чаларди. Митти ва тажрибасиз жўжалар галаси монанд янги келган ёш талабалар Раҳбарнинг ортидан ҳаяжон ва тавозе билан қадам ташладилар. Ҳар бир “жўжа”да биттадан ён дафтар, буюк раҳнамо оғзини очди дегунча, унинг салкам аксиришини ҳам қайд этиб қўйишга чоғланишарди. Донишманд оғзидан биринчи қўл қайдлар! Ноёб имконият! Марказий Лондон ИММ раҳбари янги талабаларни заллар ва бўлимлар билан шахсан таништириб чиқишни ўзининг доимий бурчи санарди.
– Умумий ғояни англаб олишинглар керак, – дея мазкур экскурсия муддаосини очиқлади у. Дарвоқе, қилаётган ишларининг моҳиятини англаб етишлари учун ҳам уларга умумий ғоя ҳақида тасаввур бериш керак, фақат оз миқдорда, акс ҳолда, улардан жамиятнинг бахтиёр ва дуруст аъзолари чиқмайди. Ахир бу ҳаммага аён: бахт ва фазилат эгаси бўлишни истасанг, аниқ нарсаларни бил; умумий ғоялар, шаксиз, маънавий ёвузликдир. Файласуфлар эмас, марка йиғувчилар ва чорчўп усталари жамиятни тутиб турувчи устунлардир.
– Эртадан, – гапида давом этди у мулойим ва бироз таҳдидли жилмаяркан, – ишга жиддий киришишингиз керак бўлади. Умумий хулосалар қилишга вақт қолмайди. Ҳозирча эса…
Ҳозирча каттагина илтифот кўрсатилди. Унинг оғзидан чиққани тўғридан-тўғри дафтарга кўчарди – йигитчалар уларни телбаларча қоғозга туширарди.
Баланд бўйли, қотмадан келган, аммо қадди тик Раҳбар залга кирди. У иякдор, гапирмаган пайтида йўғон ва дабдабали қайрилган лаблари йирик тишларини қоплаб турарди. Ёш эдими ё қари? Ўттиз ёшдами? Элликдами? Балки, эллик бешдадир? Буни аниқ айтиб бўлмасди. Қолаверса, бу савол хаёлингизга келмасди ҳам; айни дамда, барқарорлик даврида, Форддан кейинги 632 йилда бунақа саволлар мияга келиши амримаҳол.
– Бошидан бошлайман, – деди Раҳбар ва ўша заҳоти талабаларнинг энг тиришқоқлари унинг мақсадини оққа кўчирдилар: “Бошидан бошлайман”.
– Мана шу ерда инкубаторларимиз жойлашган, – деди у қўли билан ишора қилиб, сўнг иссиқлик ўтказмайдиган эшикни очди. Талабалар кўз ўнгида рақамлаб қўйилган қатор-қатор пробиркалар – штативлар, стеллажлар гавдаланди.
– Булар ҳафталик тухум ҳужайралар партияси. Ўттиз етти даража ҳароратда сақлаймиз; нар уруғларига келсак, – энди у бошқа эшикни очганди, – уларга ўттиз беш даража иссиқлик кифоя. Қон ҳарорати уларни бепушт қилиб қўйган бўларди.
(Момиқ пахтага ўралган қўй насл бермайди).
Раҳбар ўрнидан жилмай, замонавий уруғлантириш жараёнини қисқача баён этишга киришди, қаламлар эса ўша-ўша қоғоз узра югуриб, мужмал излар қолдирарди. Бошлиқ гапни, албатта, жараённинг жарроҳлик амалиётига оид муқаддимасидан бошлади:
– Ярим йиллик маошга тенг мукофотни қўя турайлик, жамият равнақи учун ҳам бу столга ётишга ихтиёрий равишда рози бўлишди.
У кесиб олинган тухумдоннинг яшовчанлигини сақлаш, унумдорлигини ошириш йўлларига ҳам тўхталиб, оптимал ҳарорат, ёпишқоқлик, тузли таркиб ҳақида маълумотлар берди. Ажратиб олинган ва етилган уруғлар сақланувчи озуқавий суюқлик ҳақида гапираркан, қўл остидагиларни иш столига юбориб, ўша суюқлик пробиркадан қандай олиниши, микроскопнинг махсус иситилган шиша слайдига томчилатилиши, ҳар бир томчидаги тухумҳужайралар нуқсони бор ёки йўқлиги ўрганилиши, кейин қайта санаб чиқиб, ғовак тухумидишларга жойланиши, идиш (у талабаларни сал нарига олиб ўтиб, бу жараённи ҳам ўз кўзлари билан кузатишларига қўйиб берди) сперматозоидлар эркин сузиб юрган илиқ суюқликка ботирилиши, суюқлик зичлиги ҳақида алоҳида таъкидлаб, бир миллилитрга камида юз мингта тўғри келиши кераклиги, ўн дақиқадан сўнг тухумидиш ни суюқликдан олиб, таркиби қайта текширилиши, тухумҳужайраларнинг барчаси уруғланмаган бўлса, идиш қайта ботирилиши, зарурат туғилса, учинча марта ҳам бу ҳолат такрорланиши, сўнг уруғлантирилган тухумлар инкубаторларга қайта жойланиб, альфа ва беталар то тиқинлаш жараёнигача ўша ерда қолиши, гамма, дельта ва эпсилонлар эса ўттиз олти соатдан сўнг Бокановский услубида ишлов бериш учун ажратиб олиниши кабилар ҳақида батафсил тушунтирди.
– Бокановский услуби бўйича, – такрорлади Раҳбар (талабалар эса бу сўзларни ҳам ўз ён дафтарчаларига қайд этиб қўйдилар), – бир дона тухумҳужайра, битта ҳомила, бир балоғатга етган организм – табиий ривожланиш схемаси шу. Бокановский услуби қўлланган тухумҳужайра эса пролиферлашади, яъни куртакланади. У саккизтадан тўқсон олтитагача куртак бериб, ҳар бир куртак тўлиқ ривожланган ҳомилага, ҳар бир ҳомила эса одатий ўлчамдаги, тўлақонли организмга айланади. Олдин биттагина одам вояга СКАЧАТЬ