Название: АЖИБ ЯНГИ ДУНЁ
Автор: Олдос Ҳаксли
Издательство: Asaxiy books
isbn: 978-9943-23-192-4
isbn:
– Улкан!.. – паст овозда хитоб қилди жаноб Фостернинг шижоатидан таъсирланган талабалар.
У илмий тафсилотларни чуқурлаштирди: инсоннинг вояга етишини ортга сурадиган ички секреция безларининг номутаносиблиги ҳақида нутқ ирод қилди; буни ҳомилага хос бўлган мутация билан изоҳлади. Ушбу мутация асоратларини бартараф қилиш мумкинми? Тегишли чоралар эвазига ҳар бир якка эпсилон ҳомилани ит ёки сигир наслларидаги каби ривожланиш қобилияти билан сийлашнинг иложи борми? Мана, муаммо нимада! Аммо бу деярли ҳал қилинди.
Пилкингтон Момбасда тўрт ёшда жинсий балоғатга етадиган, олти ярим ёшида эса тўлақонли улғаядиган зотни етиштиришнинг уддасидан чиқди. Фан ғалабаси! Аммо, ижтимоий жиҳатдан олсак, бари бефойда. Олти ёшли эркак ва аёллар ҳаддан ташқари ақлсиз. Улар ҳатто эпсилонлар бажарадиган ишни ҳам эплай олмайди. Пилкингтон усули эса шундай: ҳаммаси ёки ҳеч нарса, ё ўзгартирасан, ё бутунлай ўзгартирмайсан. Момбасда йигирма ёшдаги балоғат ва олти ёшдаги балоғат даврлари ўртасидаги олтин меъёрни топиш устида изланишлар кетяпти. Лекин ҳозирча бирон самара бўлмади. Жаноб Фостер нафасини ростлаб, бошини чайқади.
Қизғиш ним қоронғилик ичра кезиб, улар 170-метрдаги 9-тасма олдига келишди. Шу нуқтадан бошлаб тўққизинчи тасманинг ёнбош ва тепа қисмлари ёпиб қўйилганди; шиша идишлар ўз йўлларини гўё туннел оралаб бораётгандай давом эттирар, фақат у ер-бу ердаги очиқ жойлардан кўзга ташланиб қоларди.
– Иссиққа мослаштиряпмиз, – деди жаноб Фостер.
Иссиқ туннеллар салқинлари билан алмашиб туради. Салқин ҳароратга оғир рентген нурлари ҳам қўшилиб кетади. Шиша очиладиган вақтгача ҳомилалар совуқдан ўлгудай қўрқадиган аҳволга келади. Уларнинг тақдири аён: тропик ўлкаларга юборилади ё тоғ саноати ишчиларига айланишади, ацетат ипак йигиришади, пўлат қуйишади. Кейинчалик уларнинг танаси нимани талаб қилса, мияси шундай ўйлайдиган бўлади.
– Биз уларнинг танасини иссиққа мослаштирамиз. Юқори қаватлардаги ҳамкасбларимиз эса уларни иссиқни севишга ўргатади, – якунлади сўзини жаноб Фостер.
– Ва мана шунда, – насиҳатомуз оҳангда қўшиб қўйди Раҳбар, – бахт ҳамда фазилатлар сирлари мужассам: қисматингга битилганини сев! Рефлексларни пайдо қилиш орқали мослаштиришдан мақсад, одамларга муқаррар ижтимоий тақдирини севдиришдир.
Туннеллар орасидаги очиқ жойлардан бирида қўлида шприц тутган ҳамшира ишламоқда эди. У ингичка ва узун игнани шиша идишдаги илвираган танага авайлаб санчарди. Талабалар икки мураббий ҳамроҳлигида уни бир муддат сассиз кузатишди.
– Салом, Ленина, – сўз қотди жаноб Фостер ниҳоят у игнани суғуриб, қаддини ростлаган пайтда.
СКАЧАТЬ