Название: АЖИБ ЯНГИ ДУНЁ
Автор: Олдос Ҳаксли
Издательство: Asaxiy books
isbn: 978-9943-23-192-4
isbn:
Машиналар тўхтовсиз ишлаши керак, аммо улар парваришни талаб қилади. Уларга одамлар хизмат кўрсатиши керак – айнан улар каби ишончли, шестерна ва ғилдираклари каби барқарор – тани ҳамда руҳи соғ, бўйсунувчан ва ўз ҳаётидан тўла мамнун кишилар.
“Менинг болажоним, менинг онажоним, менинг азизим ва ягонам!” деб қийқирувчи бечоралар, “Гуноҳкорман, о буюк Тангрим!” дея ингровчилар, оғриқдан дод солувчи, безгакдан алаҳловчи, камбағал ва қарилиги учун кўзидан ёш тўкувчи бахтсизлар бу машиналарга ғамхўрлик қила олади, деб ўйлайсизми? Хўп, бу ғамхўрлик қилинмасачи?.. Миллиард одам жасадини кўмиб ё ёқиб юбориш осон кечмайди.
– Ва ниҳоят, – Фанни уни мулойимлик билан ишонишга ундарди, – Ҳенридан ташқари яна бир-иккита йигитинг бўлиши сен учун у қадар оғир ва ноқулай бўлмайди. Бунинг қийин жойи йўқ-ку! Шундан кейин бироз шаҳвоний майлларингга эрк беришинг керак.
– Барқарорлик, – таъкидлади Бош Нозир, – барқарорлик. Бирламчи ва асосий эҳтиёждир. Барқарорлик. Мана, шунинг учун буларнинг бари!.. – у кенг ёзилган қўли билан Мослаштириш марказининг улкан миноралари, боғда яланғоч чопиб юрган ё бутазорлар хилватида ўйнаётган болаларни қамраб олди.
Ленина бошини чайқаб, ўйчан алфозда деди:
– Нимадир мени сўнгги вақтларда шаҳватга эрк беришдан қайтаряпти. Ўзингда ҳам, Фанни, эркакларни алиштиришга тобинг қолмаган пайтлар бўлиб турар?
Фанни хайрихоҳлик билан уни маъқуллади.
– Аммо ҳаракат қилиш керак, – насиҳатомуз оҳангда деди у. – Оқимга қарши сузиб бўлмайди. Нима десанг де, лекин ҳар ким ҳар ким учундир.
– Ҳа, ҳар ким ҳар ким учун, – Ленина ўйчан такрорлади мақолни ва чуқур хўрсиниб, жим бўлиб қолди. Кейин дугонасининг қўлларидан тутиб, енгил сиқди. – Сен мутлақо ҳақсан, Фанни. Доим ҳақ бўлгансан. Мен қўлимдан келганича ҳаракат қиламан.
Бўғилган истак тошиб чиқади, тошқин ҳиссиётдир, тошқин майлдир, тошқин ҳатто девоналикдир: у оқимнинг кучи, тўсиқнинг баландлиги-ю, бардошига боғлиқ. Бўғилмаган оқим ўз ўзанида сокин оқади, бахт-саодат денгизига қуйилади.
Эмбрион оч, насос эса дақиқасига саккиз юз марта айланиб, уни ҳар куни қон ўрнини босувчи озуқа билан таъминлайди. Очиб чиқарилган гўдак йиғлайди, энага ташқи секреция шишаси билан пайдо бўлади.
Ҳиссиёт кучли истак ва уни қондириш оралиғида ётади. Бу оралиқни қисқартир, аввалги барча кераксиз тўсиқларни улоқтир.
– Сиз бахтлисиз! – хитоб қилди Бош Нозир. – Ҳаётингизни ҳиссий жиҳатдан енгиллаштириш учун, умуман сизни имкон қадар барча эҳтирослардан асраш йўлида ҳеч нарсани аямаяпмиз.
– Форд ўз “Форд”ида – ҳаёт ўз ўзанида, – минғиллаб мақолни такрорлади Раҳбар.
– Ленина Краун? – Ҳенри Фостер шимининг замогини торта туриб жавоб қайтарди. – О, жуда ажойиб қиз у. Бағоят диркиллама. Ҳалигача бирон марта тотиб кўрмаганингга ҳайронман.
– Ўзим ҳам лолман, – деди Бош тайинловчи ёрдамчиси. СКАЧАТЬ