«Генералиссимус» деган сўзни айтишга тили келишса, оларди шу юксак унвонниям! Нуқул орден улашиш билан овора! Охири нима бўлди? Ҳаммасида орден. Ҳаммаси порахўр! Амбарцумян – маладес! Каллаварам ўзбекнинг нозик жойидан маҳкам ушлади! Манаман деган обкомлару райкомларни, раислару буғалтирларни ғиппа ёқасидан олди! «Марҳамат қилиб, тўплаган миллионларни чўзиб қўй! Очиғини айт! Кимдан олдингу кимга чўздинг? Қачон? Қанча?» Мана буни ҳақиқий сталинча метод деса бўлади! Отангга раҳмат-э, шоввоз! Қани шунақалардан ўн минги, боринг, ана мингтаси бўлса! Ҳаммаёқда тартиб қарор топарди! Замон айниб кетди, замон! Ҳамма «демократия» деб чинқиради. «Перестройка», дейди! Ошкоралик дейди! Ҳамма озод. Ҳамманинг тили бир қарич! Оғзига келганини вайсайди. Кўрамиз, ҳали нима бўларкин…
Эртага демократия диктатураси бошланади. Ҳаммаси анархияга айланиб кетади. Халқ нима? Пода-ку, мол-ку! Қамчингни қарсиллатсанг-чи! Нима деди анави гўдак терговчи? «Биздаям яхши усуллар бор», эмиш. Биламиз усулингни! Уйига бир чимдим наша ташлаб қўярсан, саратонда бир ҳафта сув ичирмассан. Ёки, аксинча, совуқ хонага олиб кириб, миясидан муздек сув томизарсан. Камерага қамаб, рецидивистларга дўппослатарсан. «Қани, йигитлар, манави сенларга совға, хоҳлаган ишингни қил», деб шипшитиб қўярсан. Шуми? Ҳаммаси алмисоқдан қолган методлар! Мендан сўрамайсанми? Айтиб бермайманми, бир чеккадан! Энг жўнидан энг антиқасигача!
Дўхтирлар нима учун қон олганда тўртинчи бармоқни тешади? Биласанми шуни? Билмайсан! Нега деганда тўртинчи бармоқнинг нерв толалари нозик бўлмайди. Энг ёмон оғрийдигани қайси бармоқ? Биласанми? Билмайсан. Бош бармоқ, нодон. Бош бармоқ! Маҳбуснинг бош бармоғини эшик тирқишига тиқасан-да, секи-ин, ҳафсала билан қисаверасан. Дод демагунча! Кейин қўйиб юборасан. Ундан кейин қайтадан бошлайсан. Майли, тирноғи кўчиб, майдаланиб кетсин! Суяги қисирлаб синаётганини ўзи эшитсин! Шикоят қиладими? Кимга? Ўзига ўзи тан жароҳати етказган, деб протокол тузиб қўясан. Гуноҳи янаям оғирлашади. Тамом!
Буниси энг оддий усул. Йўғ-э, бундан ҳам осони бор. Жўнгина. Маҳбуснинг бирон жойи тирналмайдиям. Прокурорга шикоят ҳам қилолмайди. Қирқ саккизинчи йилда бир адабиётшунос олим қўлга олинган эди. Қиззиғарнинг иккита китоби чиқибди-ю, ўртоқ Сталин ҳақида бир оғиз сўз йўқ. Нуқул Навоий… Нуқул Бобур… Пошшолар. Вазирлар. Бобур деган пошшо ёзганмиш: «Жамолинг ишқида, ёрим, бир ойдирки, бедорман!» Қаранг-а, Ҳиндистонни босиб олган золим пошшонинг гаплари ихтиро эмиш! Пошшойинг-ку, ўлиб кетган! Сен-чи? Профессор деган унвони бор аҳмоқ. Ёлғон-яшиқ шиғирларни мақташинг шартми? Ўтмишни идеаллаштириш эмасми бу! Кўрайлик-чи, ўша Бобур деганингни ёзганлари ростми-ёлғонми? Қани, бурчакка тур! Бир ой эмас, ақалли уч кун ухламай кўр-чи!
Чироқни кўзига тўғрилаб, саволингни бераверасан. Оч қўйиш, сув бермаслик шарт эмас. Сувниям ичади. Мискадаги ювиндиниям вақтида бериб турасан. Фақат ухлатмайсан. Шеригинг билан алмашиб турасан, холос. Бир кеча-кундуз мижжа қоқмай тик оёқда турсин-чи, ҳоли нима кечаркин? Тагидан арра солинган терақдек гуп этиб ағдарилади. Сувга ҳам қарамай қўяди, СКАЧАТЬ