Шаҳноза энсаси қотиб, юзини ўгирди. Чиройлими, баломи, етмиш кило пахтани қандай теради? Кун бўйи бели сингудек бўлиб зўрға ўттиз килога олиб боряпти-ку! Вилоятлардан келган қизлар-ку нормани бемалол бажаради. Аввал ҳам қилиб юрган иши. Шаҳноза билан Диляга қийин. Бир этакни тўлдиргунча пешин бўлади. Йўқ! Ғайрат қилмаса бўлмайди… Бир куни жон-жаҳди билан ишлашга қасд қилди. Биринчи этак анча тез тўлди. Иккинчисига келганда бели қақшаб оғрий бошлади. Теради. Барибир теради! Нима, бошқалардан кам жойи борми? Тушга яқин иккинчи этак ҳам тўлди. Юк оғирлик қилганидан икки букланиб қолди. Этакни бўйнидан тушириб, бирпас дам олди. Осмонда қат-қат булутлар оҳиста сузиб борар, баланд-баланддан турналарнинг ҳорғин ноласи эшитилар, аммо ўзи кўринмасди.
Орқа томондан гурсиллаган қадам товуши эшитилди. Шиббалаб пахта босилган этакни орқалаганча эгат оралаб Рустам келар эди. Кўйлакчан бўлиб, енгини шимариб олган, оёғида этик…
– Ҳорманг! – деди кулимсираб. Шаҳноза ҳорғин жавоб қилди:
– Саломат…
– Беринг, пахтангизни топшириб келаман.
Шаҳноза иккиланиб қолди. Нима қилади бировни койитиб. Узи камида эллик килоча юк орқалаб кетяпти-ку…
– Бераверинг, – Рустам Шаҳнозанинг пахта тўла этагига қўл чўзди. – Бирпас дамингизни олинг.
– Анави ёқда яна бор, – деди Шаҳноза ийманиб. Рустам елкасидаги этакни ерга қўйди. Икковлари Шаҳноза териб, марзага тўкиб қўйган пахта уюми тепасига боришди. Рустам чаққон ҳаракатлар билан пахтани Шаҳнозанинг этагига зичлаб жойлади. Қайтиб келиб ўзининг пахтасини ҳаменгилгина кўтарди-да, йўл четида турган тележка томон тез-тез юриб кетди.
– Зўрсиз-ку! – деди қайтиб келиб.
– Эллик икки кило чиқди. Шаҳноза терган пахтаси қандай қилиб «эллик икки» кило чиққанини тушунди. Рустам ўзиникидан қўшган…
…Бир ойга деб олиб келишган эди. Икки ой ўтди. Шаҳнозанинг дадаси билан аяси тўрт марта келиб кетишди. Иссиқ тўркуйлак, кирза этик олиб келишди. Одамни қон қилиб юборадиган куз ёмғирлари бошланди. Баракнинг шифер томидан чакка ўтиб, ҳаммаёқ захлаб кетди. Пахта тугул подбор ҳам қолмаган, аммо ёмғир тиниши билан уларни далага ҳайдашар, талабалар бийдек пахтазорда тентираб юришар, ҳар қадамда этикка ботмон-ботмон лой ёпишиб, марзаларнинг у ер- бу ерида тўкилиб қолган кўрак аралаш кир пахтани лойдан ажратиб этакка тиқишар эди. Аллақаердан чўян печка, занглаб кетган тунука карнайлар топиб келишди. Рустам печкани қизларнинг «бўлма»сига ўрнатди. Кўмир йўқлиги учун ўтин ёқишар, ёмғирда қолган ўтин то ёнгунча баракни аччиқ тутунга тўлдириб юборарди. Домлалар икки ҳафтада алмашиб турар эди. Энг кейин келган Муҳтабар опа деган ёш домла талабаларнинг аҳволини кўриб, йиғламоқдан бери бўлар, қайтишга рухсат йўқ эди. Жумҳурият олти миллион тоннали режани бажармагунча пахтазор фронт майдони деб эълон қилинибди. …
Қор ёғди. Шаҳноза биринчи қорнинг шу қадар шиддат билан ёғишини энди кўриши эди. Қандайдир бирон соат ичида барак СКАЧАТЬ