Навбатдаги қўшиқ тугаб, бир лаҳза жимлик чўкди. Кайвони микрофонни «пуф-пуфлаб», «Энди табрик учун сўз келинимиз Зебохоннинг дугонаси…» – деб гап бошлаган эди, юқорида, худди Шаҳноза билан Рустам акасининг боши устида дераза шарақлаб, ғазабнок ҳайқириқ эшитилди:
– Эй! Шовқин-суронингни тўхтатасанми-йўқми? Тўйхона сув қуйгандек жимжит бўлиб қолди. Келиннинг дугонасига тантанавор алпозда сўз бераётган тўйбошининг дами ичига тушиб кетди. Шаҳноза бошини кўтариб қаради-ю, шундоқ тепасида, тўртинчи қаватнинг очиқ деразасидан энгашиб турган майкачан барзангини кўрди.
– Ухлашга қўясанларми-йўқми? – деди барзанги қаҳр билан. Шаҳноза Рустам акаси ўрнидан туриб кетганини, ўша томонга қараб, кўзларида ғазаб тўла ўт ёнаётганини энди кўрди.
– Ўтиринг! – деди билагига ёпишиб.
– Илтимос, ўтиринг, Рустам ака!
Дераза тарақлаб ёпилгани қулоғига чалинди. Рустам жойига ўтирди. Шаҳноза эрининг қўллари асабий қалтираётганини сезиб турарди.
Тўйдан файз кетди. Ҳамма мунғайиб қолган, оппоқ рўмол остидаги келин бошини қуйи солиб ўтирар, эгнига зарбоф тўн, бошига дўппи кийган куёв унинг қулоғига шивирлаб, алланимани тушунтирар эди.
– Вой онангни!…
– Рустам рўпарасида ўтирган ингичка мўйловли йигитга пиёла узатди.
– Қуй! – деди бақириб. – Тўлатиб қуй! Дам олмай сипқарди-да, отилиб даврага чиқди. Торини ғилофга тиқа бошлаган созанданинг оддига югуриб борди.
– Чал! – деди ғайритабиий тантана билан.
– Чал дейман! «Лазги»ни чал! Микрофон яна гумбурлай бошлади. Шаҳноза Рустам акасининг рақс тушишини биринчи кўриши эди. Бутун вужуди ўйнаяпти! Шиддат билан, ғайрат билан…
Давра ёшларга тўлиб кетди. Шаҳноза яна… шуни сездики… Рустам акаси рақс тушаётгани йўқ… нола чекяпти… Аламли, изтиробли нола! Фақат ўзию Шаҳноза тушунадиган нола… Шу пайт кутилмаган ҳодиса рўй берди. Шаҳноза бошига, елкасига ёғилган муздек сувдан сесканиб, ўрнидан сапчиб турди. «Вой!» деб қичқириб юборди. Нима бўлганини тушунолмай аланг-жаланг қараса, атрофида ўтирганлар ҳам ўрнидан туриб кетибди. Биров жиққа сув бўлган сочини силайди, СКАЧАТЬ