… Шаҳноза кимнингдир муздек кафти пешонасига текканини сезиб сесканиб кўзини очди. Шифтдаги лампочка ўлимтик нур сочар, ёнида оқ халат кийган семиз хотин ўтирар, оёқ томонида Муҳтабар опа, қизлар тўдалашиб туришар, ялангбош сочи, елкаларига қор қўнган Рустам эшикка яқинроқ жойда турганча Шаҳнозадан кўз узмас эди. Дўхтир Шаҳнозанинг ўпкасини эшитаётганда Рустам чиқиб кетди. Кейин тағин қайтиб кирди.
– Пневмония! – деди дўхтир негадир Рустамга юзланиб. – Ўнг ўпкаси шамоллаган. Касалхонага олиб бориш керак.
– Шундай деб ўрнидан тураётган эди, Рустам қатьий бош чайқади:
– Йўқ, опа! Сиз кетмайсиз!
– Қизиқ йигит экан-ку, бу!
– Дўхтир нажот кутгандек атрофига аланглади.
– Ярим кеча бўлди. Ўн беш чақиримга тракторга босиб опкелгани етмагандек… Бу нимаси? Мен ҳам болачақали одамман!
– Кетмайсиз! – деди Рустам кўзлари ёниб.
– Машина топиб келаман. Шаҳнозани касалхонага ўзингиз олиб борасиз…
Дўхтир жавоб қилиб улгурмасдан шитоб билан чиқиб кетди. Ташқарида трактор гуриллади Шаҳнозани «Нива»га ўтқазишаётганида тонг ёришиб Қолган эди. Бир ёнига дўхтир ўтирди, бир ёнига Рустам…
Иситмаси саккиз кундан кейин тушди… Шу орада Диля, Рустам туман касалхонасига икки марта келиб-кетишди. Шаҳноза Рустамнинг соқоли ўсиб кетганини, кўзлари киртайиб, ранги бир ҳолатга тушиб қолганини кўрди. Ўша воқеадан кейин баракда мажлис бўлганини, Рустамни ўқишдан ҳайдашларига бир баҳя қолганини Дилядан эшитди. Рустам учинчи марта кўргани борганида қўлини анча вақт ушлаб турди-да, пичирлади:
– Раҳмат, Рустам ака…
ТЕРГОВ ҲУЖЖАТИДАН
– Гражданка Шоматова, еттинчи ноябрдан саккизинчи ноябрга ўтар кечаси қаерда эдингиз?
– Мана шу… ўзимизнинг уйда.
– Кечаси биланми?
– Ҳа…
– Эрингиз, мабодо, кечаси ташқарига чиқмадими?
– Йўқ.
– Уйингизга бирон шубҳали одам келмадими?
– Йўқ.
– Ўша ҳодиса рўй берганида сиз қаерда эдингиз?
– Эрталаб сутга чиқдим. Узоқ кутиб қоддим. Сут етмади. Қайтиб келсам…
– Йиғламанг… Йиғидан наф йўқ.
– Келсам… Бу аҳвол. Рустам акамни олиб кетишган экан. Уй тўла одам. Мелисалар…
– Ўйлаб кўринг-чи, гражданка Шоматова, эрингиз билан қасдлашган одамлар бормиди?
– Билмайман…
– «Эримнинг жаҳли ёмон эди», дедингиз. Айтинг-чи, масалан, қанақа пайтда жаҳли ёмонлиги билинарди?
– Қулоғим сизда!
– Рустам ака ноҳақликни кўрсалар, чидаб туролмасдилар.
– Масалан…
– Умуман-да…
– Бизга умумий гап эмас, аниқ далил керак. Айтинг-чи, қўшнилар билан муносабатингиз қандай эди? Хусусан, эрингизнинг?
– Янги СКАЧАТЬ