Силиндр, паралеллепипед шаклидаги муҳташам би-нолар қатъий аниқлик билан қурилган эди. Бунинг устига уларнинг ҳар бирига геометрик қоида акс эттирилган ўта нозик нақшинкор чизиқлар тортилганди. Кўча ўртасидаги айлана гулзорни айтмайсизми? Гуллар шундай бир текисда ўстирилган эдики, худди биров атайлаб сиркулда чизиб қўйганга ўхшарди. Ўнг томон эса боғ эди. У ерда Омон билан Шодмон умрида кўрмаган мевалар ғарқ пишиб ётар, уларнинг ёқимли иси димоқни қитиқларди. Йўлда, ҳар қадамда турли ҳандасавий формулалар акс эттирилган шиорлар кўзга ташланар, ҳатто фаввора ҳам парабола шаклида эди. Биномликларнинг математик тилда сўзлашишлари худди доскада теоремани исбот қилаётган ўқувчини эслатарди. Шунинг учун қийинчилик билан бўлса-да, болалар уларнинг тилларини тушуна олардилар.
Омон билан Шодмон атрофни томоша қилиб кетишар, айрим нарсаларни бир-бирларига қўллари билан кўрсатишарди. Бироқ шиор-формулалардан ҳеч нарса тушунишмас, ваҳоланки, формулаларнинг шиор қилиб осиб қўйилгани уларга жуда ғалати туюларди.
Иш вақти бўлгани учун кўчада биронта ҳам биномлик кўринмас, онда-сонда ўзиюрар кўк-сариқ йўлкалардан бир-иккита шакл зинғиллаб ўтиб қолар, болалар эса уларни ҳаттоки, яхшилаб кўриб олишга ҳам улгуришмасди.
Тавба, худди кетларидан биров қувлаётгандек, чопишади-я? – деди Омон ҳайрон бўлиб.
Э, Омон, яхшир.оқ қарасанг-чи, йўлканинг ўзи юраяпти, кўрмаяпсанми? – дўстини жеркиди у.
Омон энди диққат билан йўлга назар ташлади. Ҳақиқатан, ҳар хил рангдаги йўлкалар турли томонга қараб ҳаракатланарди.
– Уҳ зўр-ку, Шодмон, мана буни техника деса бўлади, – деб юборди Омон, севинчи ичига сиғмай. Унинг ҳамма нарсага анқаявериши худди сирк томошасига келган болани эслатарди. Кўзлари қисиқ бўлса ҳам чарақлаб очилиб кетади. Тағин «ануни қара» деб қўли билан кўрсатишини айтинг. Шодмон эса «одамни шарманда қиляпсан» дегандай уни туртиб қўяди. Онда-сонда умрида бунақа уйларни кўрмаган, чиройли биноларга қараб, кўзлари тўймаётган бўлса ҳам «Тошкентда ҳам шунақа уйлар бор» деб қўяди керилиб.
Куб суворийлар ҳам болаларга мамлакатлари ёқаётганини сезиб, ўқтин-ўқтин бир-бирларига қараб мамнун жилмайиб қўйишарди.
Суворийлар қуббасимон қилиб ишланган, теваракатрофи гулзор бўлган бинонинг олдига келиб тўхташдида, болаларни юмалоқ эшикдан ичкарига бошлаб киришди.
Бинонинг ичи кенг, ёруғ эди. Бу ерда Омон билан Шодмонга тушунарсиз бўлган аллақандай машиналар кўк-қизил чироқларини ёққанча мусиқага ўхшаш ғалати товуш чиқариб ишларди. Шундай машиналар орасида пирамидасимон, ўрта бўй, бошига тож кийиб олган бир киши қоғозга кўмилиб ўтирарди. Бошидаги тожини айтмаса, бу одам умуман шоҳга ўхшамасди. Шоҳнинг кўзи суворийларга тушди-ю:
– Қўриқчиларимизга математик саломлар бўлсин! – деб ҳар иккиси билан ҳам қўл бериб кўришди.
– Мана, ўртоқ шоҳ ўзингиз айтгандек иккита икс шахсни ҳузурингизга келтирдик.
Омон СКАЧАТЬ