– Мен ҳеч нарса деганим йўқ. Унинг ёнини олдим қайтангга.
Шу пайт Хуршида опа тинмай шивирлашаётган Омонни доскага чақирди. У одатдагидек саволга жавоб беролмади. Бу гал Омон саволни ҳам эшитмаган, доска олдида бошини эгганча бутунлай бошқа нарсаларни ўйлар, шу топда у доскада турганини ҳам, ундан жавоб кутишаётганини ҳам унутганди гўё. Омоннинг кўриниши аянчлимиди, ишқилиб муаллима бу сафар икки қўймади. Ўтиришга ижозат берди-да, дарсни бошлади.
Омон дарснинг охиригача чурқ этиб оғиз очмади. Фақат Герц билан Саида улар томонга қараб-қараб қўйишарди. Чиқишга қўнғироқ чалиниши билан Саида югуриб олдинга ўтди-да:
– Бугун дарсдан кейин синф мажлиси бўлади. ҳамманинг қолиши шарт, – деб эълон қилди.
– Мажлисда каминаи камтариннинг масаласи кўрилади, – майнавозчилик қилди Шодмон. У тезгина синфда ўтирган болаларга кўз югуртирди, синфда Герц йўқ эди! Шодмон шошиб қолди. Шу боис Саидага юзланиб, ҳазиломуз оҳангда давом этди.
– Биз айбимизни бўйнимизга оламиз. Бундан кейин 360 градусга ўзгаришга ҳаракат қиламиз. Мажлисни эса синфбошимиз Саида Орифжонова олиб боради. Саида бизни уялтирмай, ўзбек ёшларига хос иш тут! Камчиликларга нисбатан аёвсиз бўлгин, – деди-да Омоннинг қўлидан тортқилаганча синфдан чиқиб кетди.
Улар чопа солиб автобус бекатига ўтишди. У ерда папкасини ўйнаб турган Герцни кўриб таққа тўхтадилар. Чунки Герц уларни пайқамаслиги керак эди-да. Бир пайт автобус келди. Болалар Герцнинг автобусга чиқишини пойлаб туришди, кейин ўзлари ҳам чиқиб, одамлар орасига яширинишди. Герц қандайдир чекка маҳаллада тушиб қолди.
Бузилган иморатлар ва уларга уланиб кетган қандайдир чакалакзордан иборат дўнглик бу ерда одам яшамаслигидан далолат берарди. Гарчи Герц ҳеч нарсани сезмаётган бўлса-да, Шодмоннинг юраги така-пука. У бетоқат бўлиб, нуқул атрофга аланглар, оёғи ўтларга илакишиб, мункиб кетарди. Ниҳоят, қандайдир дарахтзорга етиб келишганида Герц қадамини секинлатди. Болалар ҳам дарахт панасига ўтиб олишди.
Улар Герцнинг кетидан изма-из юриб, анча ичкарилаб кетишди. Бир пайт Герц қандайдир баҳайбат терак қаршисида тўхтади. Негадир бу теракнинг барглари сўлий бошлаган, баҳор бўлишига қарамай унинг атрофини шундоқ хазон босганди. Болаларга ҳам бу дарахт жуда ғалати туюлди. Унинг нимасидир ортиқчага ўхшарди. Яқин келгач, ҳаммаси аён бўлди. Бир нечта терак ниҳоллари битта қилиб боғланган, унинг орасида нимадир бор эди. Дабдурустдан қараган одамга тераклар бир-бирига қапишиб ўсгандай туюларди.
Герц тераклардан бирини қўли билан пайпаслади-да, четга ўтиб турди. Бола негадир бетоқат бўлар, папкасини нуқул у қўлидан бу қўлига оларди.
Бирдан икки теракка жон киргандай силкинди. Кейин икки дарахт икки тарафга қараб силжиди-ю, катта юмалоқ қорамтир зирхли эшик очилди. Ўртада эса яшил тусдаги, юқорига олиб чиқадиган зина пайдо бўлди. Герц зинанинг ҳаракатланишига қаноат қилмай, чопганча юқорига чиқиб кетди.
Болалар бир неча дақиқа бу мўжизадан ўзларига келолмай, қотиб қолишди. СКАЧАТЬ