Табассум бу кўҳликкина жувоннинг ҳақиқ лабларига, пушти дудоқларига яна бир бор билинар-билинмас сирпаниб ўтди.
– Лекин, ўзингиз-чи, қочишни қандай эпладингиз? – ўсмоқчилашда давом этарди д’Артаньян.
– Мен ёлғиз қолган пайтимдан фойдаланиб қолдим, ўғирланишим сабаблари менга бугун эрталаб аён бўлгани учун мен рўйжолар ёрдамида деразадан тушдим. Эрим уйда деб ўйлаб, шу ерга чопиб келдим.
– Ундан паноҳ қидирибми?
– Вой, йўғ-э! Менинг қимматли бояқиш эрим! Мени ҳимоя қилиш унинг қўлидан келмаслигини билардим. Лекин, мен уни огоҳлантириб қўймоқчи бўлдим, чунки бизга унинг бошқа йўсинда нафи тегиши мумкин эди.
– Нима тўғрисида?
– Йўқ, бу энди менинг сирим! Уни сизга очолмайман.
– Айтгандек, – деди д’Артаньян, – авф этасиз, хоним, мен, гарчи гвардиячи бўлсам ҳам сизни эҳтиёт бўлишга ноилож даъват этаман: назаримда, сир-асрор айтишга бу жой нобопроқ. Мен қувган изқуварлар мадад қўшиб, қайтиб келишади. Агар устимизга келиб қолишса, ҳалок бўламиз. Рост, мен уч оғайнимга хабар бериш учун одам юбордим, лекин, уларни уйидан топишдими-йўқми, ким билади дейсиз.
– Ҳа, ҳа, сиз ҳақсиз! – қўрқиб хитоб қилди Бонасе хоним. – Қочайлик, тезроқ пана бўлайлик бу ердан!
Шу сўзлар билан у д’Артаньянни қўлтиқлаб, эшик сари судради.
– Лекин, қаёққа қочамиз? – Беихтиёр сўради д’Артаньян. – Қаёққа пана бўламиз!
– Аввало шу уйдан нарироққа! Кейин кўрамиз.
Ҳатто, эшикни ҳам ёпиб қўймасдан уйдан чиқиб, улар Гўрковлар кўчасидан югуриб кетишди. Қирол Ўрига бурилиб, фақат Сен-Сюлпис майдони чеккасида тўхтадилар.
– Энди нима қиламиз? – сўради д’Артаньян. – Сизни қаёққа кузатиб қўяй?
– Рости, нима жавоб беришимга ҳайронман, – деди Бонасе хоним. – Мен эрим орқали жаноб де Ла Портни чақиртирмоқчи ва ундан сўнгги уч кунда нималар кечди, у эрда кўринишим хавфлими-йўқми, билиб олмоқчи эдим.
– Лекин, мен боришим ва жаноб де Ла Портни чақириб беришим мумкин-ку, ахир, – деди д’Артаньян.
– Албатта. Лекин, бало шундаки, жаноб Бонасени Луврда танишарди, уни ўтказиб юборган бўлардилар, сизни эса танишмайди, эшиклар сиз учун берк бўлади.
– Бу ҳеч гап эмас! – эътироз қилди д’Артаньян. – Лувр дарвозаларининг бирортасида сизга содиқ дарбон борлиги аниқ, у паролни эшитиб…
Бонасе хоним ёш йигитга синчиклаб разм солди.
– Мабодо ўша паролни сизга айтсам, – шивирлади у. – Истифода қилиб бўлган заҳоти уни унутиб юборасизми?
– Чин сўзим, дворян сўзим! – шак-шубҳа қолдирмайдиган бир тарзда деди д’Артаньян.
– Яхши. Мен сизга ишонаман. Сиз жуда яхши йигит кўринасиз. Иқболингиз садоқатингизга боғлиқ бўлса, ажаб эмас.
– Мен ваъдалар талаб қилаётганим йўқ, қиролга хизмат қилиш, қироличага манзур бўлиш учун қурбим етган ҳамма ишни ҳалол адо этаман, – деди д’Артаньян. – Мени СКАЧАТЬ