Шуни айтиш лозимки, д’Артаньянга ғалаба бир мунча осон насиб бўлди, чунки, изқуварлардан фақат биттаси қуролланган экан, у ҳам бўлса, ўзини хўжакўрсинга мудофаа қилиб турди. Рост, қолганлари ёш йигитга стул, курси, ҳатто, тувакларни ирғитиб гангитишга уриндилар. Лекин, гасконлик йигит қиличини бирикки сирпаши уларнинг қутини учириб юборди. Уларга узил-кесил зарба бериб, жанг майдонининг ҳокими бўлиш учун д’Артаньянга ўн дақиқа кифоя қилди.
Ўша муттасил қўзғолон ва қуролли тўқнашувлар замонига мансуб, парижликларга хос совуққонлик билан деразаларини очган қўни-қўшнилар қора либосли тўрт киши қочиб кетгани ҳамон уларни яна ёпиб олдилар. Ҳозирча ҳамма нарса барҳам топганига уларнинг фаҳми етган эди.
Бундан ташқари, вақт хуфтонга бориб қолган ўша маҳалларда, худди ҳозирги сингари, Люксембург саройига туташ даҳада эрта ётиларди.
Д’Артаньян Бонасе хоним билан ёлғиз қолгач, унга ўгирилди. Шўрлик аёл деярли беҳуш ҳолатда креслода ётарди. Д’Артаньян унга тез разм солиб чиқди.
Бу йигирма беш ёки йигирма олти ёшлар чамасидаги сумбул соч, мовийкўз, бурни сал-пал пучуқ, тишлари инжудай дилбар жувон эди. Унинг симбар бадани опал мисоли пушти товланиб турарди. Бироқ, уни кибор доирага мансуб аёл деган хаёлга элтувчи фазилатлари шу билан тугарди. Қўллари оппоқ бўлса-да, бичими дағалроқ эди. Оёқлари ҳам олий насабдан дарак бермасди. Яхшиямки, бу хил икир-чикирлар д’Артаньянни ўсал қилишга ҳали ожиз эди.
Бонасе хонимни кўздан кечирган кўйи, айтиб ўтганимиздек, назарини оёқчаларида тўхтатгач, ётган батист рўмолчага кўзи тушиб, уни ердан олди. Рўмолчанинг бурчида сал бўлмаса Арамис билан бир-бирини бўғизлаб қўйишига сабаб бўлаёзган рўмолчада у бир қур кўрган герб яққол ажралиб турарди. Ўша пайтдан бери герблик рўмолларга д’Артаньяннинг кўнгли чопмасди Шунинг учун у индамай олган рўмолчани Бонасе хонимнинг чўнтагига қайтариб солиб қўйди. Шу пайт жувон ҳушига келди. Кўзларини очиб ва қўрқаписа теварагига аланглаб, у хонанинг бўм-бўшлиги ва халоскори билан ўзи ёлғиз эканини кўрди. У дафъатан жилмайиб унга қўлларини узатди. Бонасе хонимнинг табассумидан жозиба ёғиларди.
– Вой, тақсир, – дея сўзлади у, – сиз мени халос этдингиз. Сизга ташаккур айтишга рухсат этинг.
– Хоним, – жавоб берди д’Артаньян, – менинг ўрнимда бўлса, ҳар қандай дворян ҳам шундай қилган бўларди. Шунинг учун мендан ҳеч қандай ташаккур қарзингиз йўқ.
– Оҳ, йўқ, йўқ, оқибатли бўлиш қўлимдан келишини сизга исботлайман, деб умид қиламан. Бироқ, мен дастлаб қароқчилар деб гумон қилган бу одамларга нима даркор эди, кейин нега бу ерда жаноб Бонасе СКАЧАТЬ