Атос Арамиснинг бу сўзларидан лабини тишлаб, қовоғини солиб олди.
– Мен Бонасе хоним тўғрисида жон куйдираётганим йўқ, – хитоб қилди д’Артаньян, – балки, қирол тарк этган, кардинал таъқиб қилаётган, мухлислари ҳаммасининг бошлари бирин-сирин қулашини кўриб турган қиролича ҳақида!
– Нега у биз кимни энг ёмон кўрсак, ўшаларни – испан ё инглизларни севади?
– Испания унинг ватани, – жавоб берди д’Артаньян, – она тупроғининг фарзандларини севиши жуда табиий ҳол. Иккинчи таънангизга келсак, менга айтишларича, у инглизларни эмас, бир инглизни севади.
– Эътироф қилишим керакки, – илова қилди Атос, – ўша инглиз муҳаббатга шоёндир. Сиймоси ундан ўктамроқ кишини умрим бино бўлиб учратмаганман.
– Унинг беқиёс кийинишини айтмайсизми, – гап қўшди Портос. – У дурларини сочганда мен Луврда эдим ва худо ҳаққи, икки марваридни териб олиб, кейин донасини ўн пистолдан сотдим. Сен-чи, Арамис, уни танийсанми?
– Худди сизлар сингари яхши танийман, жаноблар. Мен уни амен боғида тутганларнинг бири бўлганман, мени у ерга қироличанинг отбоқари жаноб Пютанж олиб кирган эди. Бу воқеа, назаримда, қиролни ранжитган.
– Барибир-да, – деди д’Артаньян, – башарти герсог Бэкингемнинг қаердалигини билганимда эди, ақалли кардиналнинг жонига тегиш учун унинг қўлларидан ушлаб, қироличанинг ҳузурига элтиб қўйган бўлурдим. Ахир бизнинг энг ашаддий душманимиз – кардиналку, башарти, унга бирор қалтис ҳазил қилишга баҳона топилганда эди, мен ҳатто, бошимни тикишга тайёр бўлардим.
– Аттор ҳам, – сўради Атос, – Бэкингемни бу ёққа сохта мактуб билан чақирганлар, деб қиролича чўчиётганини рамз қилдими сизга, д’Артаньян.
– У шундан қўрқаётир.
– Сабр қилинг, – деди Арамис.
– Нима гап? – сўради Портос.
– Ҳеч нима, давом этаверинг. Мен баъзи жиҳатларини эслашга уриняпман.
– Ҳозир эса ишончим комилки, – деб давом этди д’Артаньян, – ишончим комилки, бу аёлнинг ўғирланиши биз гапирган воқеалар билан, эҳтимол, герсог Бэкингемнинг Парижга келиши билан ҳам вобаста.
– Бу гасконликнинг зеҳни ғоят ўткир-да! – қойил бўлиб хитоб қилди Портос.
– Мен уни тинглашни жуда севаман, – деди Атос. – Унинг талаффузи кўнглимни очади.
– Қулоқ солинг, муҳтарам жаноблар! – дея гап бошлади Арамис.
– Арамисни эшитайлик! – хитоб қилишди дўстлар.
– Кеча мен овлоқ даҳада бир ақоидшунос олимникида эдим, илмий ишларим талаб этганда у билан маслаҳатлашиб тураман…
Атос жилмайиб қўйди.
– Машғулотлар йўсини ва ўз ҳавасларига мувофиқ, – давом этди Арамис, – у йироқ даҳада истиқомат қилади. Шундай қилиб, мен уникидан чиқиб кетаётган пайтда…
Шу ерда Арамиснинг нафаси ичига тушиб кетди.
– Хўш, нима бўлди? Сиз СКАЧАТЬ