Жаноб де Тревиль ҳар эҳтимолга қарши Атосга унинг қиролга, хусусан, қироличага садоқат билан хизмат қилмоғи зарурлигини тайинлаган бўлди ва бу истакни дўстларига ҳам етказишни илтимос қилди.
Д’Артаньянга келсак, у уйда ўтириб қолди. Ўз хонасини у кузатув нуқтасига айлантирди. Кимки келиб қопқонга тушса, у ҳаммасини деразадан кўриб турарди. Сўнгра паркетни кўчириб, тергов ўтаётган қуйи хонани фақатгина шип ажратган ҳолда, у изқувар ва маъюб28 ўртасидаги ҳамма гапни эшитиш имконига эга бўларди. Тутқинларни олдин синчиклаб тинтиб чиқилгач, сўроқлар нуқул деярли қуйидаги гапларга бориб тақаларди:
– Бонасе хоним эрига ёки бўлак шахсга бирор нарса элтиб беришни топширганмиди?
– Жаноб, Бонасе рафиқаси ёки бўлак шахсга бирор нарса элтиб беришни топширганмиди?
– Сизга улар бирор махфий гапни оғзаки равишда айтишганмиди?
«Мабодо уларга бирор гап маълум бўлганда, – кўнглидан ўтказди д’Артаньян, – улар бу хил нарсаларни суриштириб ўтиришмасди. Энди савол. Улар ўзи ниманинг тагига етмоқчи? Турган гап. Бэкингем Парижда турибдими, йўқми, у қироличанинг висолига етдими ёки энди етадими?»
Д’Артаньян эҳтимолдан холи бўлмаган шу тахминда тўхталди.
Қопқон эса ҳозирча муттасил ҳаракат қилар, д’Артаньяннинг диққати ҳам сусаймасди.
Шўрлик Бонасе ҳибсга олингач, келаси куни кечқурун, жаноб де Тревилнинг ҳузурига равона бўлган Атос чиқиб кетгандан кейин, соат энди тўққизга занг уриб, ҳали ўрин тўшамаган Планше шу ишга киришмоққа тараддудланиб турганда аллаким кўча эшигини қоқди. Эшик дарҳол очилди-ю, сўнгра ёпилиб қолди: кимдир қопқонга тушди.
Д’Артаньян пол кўчирилган жойга ташланиб, узала тушиб ётди-да, бор диққатини тўплаб, қулоқ солди.
Тез орада дод-фарёд, сўнгра, афтидан, бўғишга уринилган нолалар эшитилди. Сўроқдан ном-нишон ҳам йўқ эди.
«Иблис! – ўйлади д’Артаньян. – Назаримда, бу аёл киши: уни тинтишяпти, у қаршилик қиляпти… Улар зўравонлик қилишяпти… Аблаҳлар!»
Пастда кечаётган ҳодисаларга аралашиб қолмаслик учун д’Артаньяннинг бор иродасини қўлга олишига тўғри келди.
– Жаноблар, мен бу уйнинг бекасиман, деяпман-ку сизларга, мен Бонасе хонимман, қироличага хизмат қиламан, деяпман-ку сизларга! – қирқирарди шўрлик аёл.
– Бонасе хоним! – шивирлади д’Артаньян. – Наҳотки омадим келиб, ҳамма қидираётган нарсани топган бўлсам!
– Биз худди сизни кутиб турган эдик! – деб жавоб бердилар унга.
Товуш тобора бўғилиб СКАЧАТЬ
28
Маъюб – айбланувчи.