– На мен ҳақимда, на дўстларим ҳақида, на хусусан қиролича ҳақида оғиз очманг, йўқса, ҳаммани хароб қиласиз! – деб шивирлади д’Артаньян. – Ҳаракат қилинг, жаноблар, ҳаракат қилинг! Бу кишини олиб кетинг.
Шундан кейин д’Артаньян тамом гангиб қолган атторни итариб, соқчиларнинг қўлларига солиб қўйди.
– Сиз беодоб экансиз, азизим. Пул қистагани келасиз… мендан-а, мушкетёрдан! Қамоққа! Сизларга такрор айтаман, жаноблар, уни қамоққа олиб кетинг-да, қамоқда мумкин қадар кўпроқ қулфлаб туринг, токи, мен тўловга пул тўплагани улгурай.
Миршаблар ташаккур сўзларини қуюқ айтиб, қурбонни олиб кетишди.
Д’Артаньян саркорнинг елкасига қўққис шап этиб урганда, улар аллақачон зинадан туша бошлаган эдилар.
– Мен сизнинг саломатлигингиз учун, сиз эса менинг соғлиғим учун бир ичсакмикин? – икки қадаҳни жаноб Бонаседан олинган Божанси шароби билан тўлата туриб, таклиф қилди у.
– Менга ортиқча марҳамат бўлиб кетади, – тўнғиллади миршабларнинг саркори. – Жуда миннатдорман.
– Демак, саломатлигингиз учун, жаноб… исму шарифингиз нима?
– Буаренар.
– Жаноб Буаренар!
– Сизники учун, муҳтарам афанди! Ҳурматли номингиз нима, сўрашга ижозат бергайсиз энди?
– Д’Артаньян.
– Саломатлигингиз учун, жаноб д’Артаньян!
– Энг асосийси эса – мана, кимнинг саломатлиги учун! – гўё завқи жўшиб қичқирди д’Артаньян. – Қирол ва кардинал саломатлиги учун!
Шароб ёмон бўлганда миршаблар саркори эҳтимол, д’Артаньяннинг самимийлигидан шубҳа қилган бўларди, лекин, шароб яхши эди, у ҳам ишона қолди.
– Қандай қабоҳат қилдингиз бу ерда? – миршабларнинг саркори қўл остидаги кишиларнинг изидан йироқлашиб, тўрт оғайни ёлғиз қолишгандан сўнг деди Портос. – Уялмайсизми! Тўрт бошлиқ мушкетёр улардан мадад сўраган бечорани қамоққа олинишига йўл қўйиб ўтирса! Дворян изқувар билан ичса!
– Портос, – деди Арамис, – Атос сенга овсарсан деб айтди, менинг ҳам шунга қўшилишимга тўғри келяпти… Д’Артаньян, сен улуғ инсонсан, жаноб де Тревилнинг ўрнини олганингда мен сендан валинеъматлик қилишингни ва монастирга нозир бўлишимга ёрдам беришингни тавалло қиламан.
– Ҳеч нарсага ақлим етмай қолди! – хитоб қилди Портос. – Сизлар д’Артаньяннинг қилиғини маъқуллаяпсизларми?
– Бўлмасам-чи, азбаройи шифо! – деди Арамис. – У қилган нарсани нафақат маъқуллайман, балки табриклайман ҳам.
– Энди эса жаноблар, – ўз хулқини Портосга изоҳлаб беришга ҳаракат ҳам қилмасдан сўзлади д’Артаньян, – бир киши ҳамма учун ва ҳамма бир киши учун – шу дамдан эътиборан бу бизнинг шиоримиз, тўғрими?
– Лекин… – сўзламоқчи бўлди Портос.
– Қўлингни чўз-да, қасамёд қил! – бир овоздан хитоб қилишди Арамис билан Атос.
Уларнинг ҳаракатидан эси СКАЧАТЬ