– Эҳтимол, ўшанинг ўзидир, – луқма ташлади д’Артаньян.
– …Ўн одим орқароқда келаётган беш ё олти чоғлик кишининг ҳамроҳлигида ёнимга келиб, деди: «Жаноб герсог», сўнгра эса энди қўлимга суяниб турган хонимга юзланиб давом этди: «Сиз ҳам хоним»…
– Ақоидшуноснинг жиянигами?
– Жим бўлсангиз-чи, ахир, Портос! – уни жеркиб ташлади Атос. – Ҳеч тутуруғингиз йўқ.
– «Илтифот қилиб извошга ўтиринг ва қаршилик кўрсатишга ёки заррача шовқин чиқаришга уринманг», – ўша киши шундай деди.
– У сизни Бэкингем деб ўйлапти! – хитоб қилди д’Артаньян.
– Шундай гумон қиляпман, – жавоб берди Арамис.
– Хонимни-чи? – сўради Портос.
– Уни қиролича деб ўйлаган! – деди д’Артаньян.
– Мутлақо тўғри, – тасдиқлади Арамис.
– Бу гасконлик шайтоннинг нақ ўзи! – хитоб қилди Атос. – Ундан ҳеч нарса қочиб қутулмайди.
– Дарҳақиқат, деди Портос, бўй-басти ва рафтори билан Арамис гўзал герсогни эслатади. Лекин, назаримда, мушкетёрлик либоси…
– Эгнимда узун ридо эди, – деди Арамис.
– Июль ойида-я! – хитоб қилди Портос. – Наҳотки, олиминг танилиб қолишингдан чўчиса?
– Жосусга қадди-қомати панд берган бўлишига бовар қиламан, лекин, юзи…
– Мен кенг соябонли шляпада эдим, – тушунтирди Арамис…
– Ё алҳазар! – хитоб қилди Портос, – ақоидни ўрганиш учун қанча эҳтиёт чоралар!
– Жаноблар, жаноблар! – уларнинг сўзини бўлди д’Артаньян. – Ҳазил-ҳузулга вақтни йўқотмайлик. Ҳар тарафга тарқаб, атторнинг рафиқасини қидиришга киришайлик – бутун фитнанинг калити шунда.
– Насаби шунча паст аёлда-я! Наҳотки сиз шундай деб ўйласангиз, д’Артаньян? – истиғно билан пастки лабини чўччайтириб сўради Портос.
– У қироличанинг ишончли маҳрами де Ла Портнинг чўқинтирган қизи бўлади. Мен бу гапни сизларга айтмабмидим, жаноблар? Бундан ташқари, шунча пастдан мадад излаш бу дафъа ҳазрат олияларининг айни мўлжали бўлса, ажаб эмас. Улуғ кишиларнинг бошлари йироқдан назарга тушади, кардиналнинг эса кўзлари иттик.
– Хўш, майли, – деди Портос, – аттор билан гапни бир жойга қўяверинг, фақат баҳоси дуруст бўлсин.
– Бунинг ҳожати йўқ, – деди д’Артаньян. – Назаримда, ҳақини у бермаган тақдирда бошқалар яхшилаб тўлаб қўядилар.
Шу чоқ зинада шошилинч қадамлар эшитилди, эшик тарақлаб очилиб, оғайнилар кенгашаётган хонага шўрпешана аттор отилиб кирди.
– Жаноблар, – дея фарёд қилди у. – Авлиёлар ҳақи мени қутқаринг! Пастда тўрт соқчи турибди, улар мени қамоққа олгани келишган. Мени қутқаринглар! Қутқаринглар!
Портос билан Арамис ўрнидан туриб кетишди.
– Бир зумгина сабр қилинг! – уларга ярим яланғоч қиличларни қинига қайта солиб қўйишни ишора қилиб, хитоб қилди д’Артаньян. – Бу ерда жасорат эмас, эҳтиёткорлик даркор.
СКАЧАТЬ