– Лекин, сиз мушкетёр бўлганингиздан кейин руҳоний эмассиз-ку, азбаройи шифо!
– Фақат вақтинча мушкетёр, азизим, кардинал айтгандай – ихтиёрга хилоф мушкетёр. Лекин, кўнглимда мен черков чокариман, гапимга ишонинг. Атос билан Портос мени бирор нарса билан машғул бўлсин, деб бу ишга аралаштириб қўйишди. Худди рутба бериш пайтида сал дилсиёҳлик ўтиб, бир… Дарвоқе, сиз бунга қизиқмаслигингиз керак, сизнинг қимматли вақтингизни оляпман.
– Зинҳор йўқ, мен бу нарсаларнинг ҳаммасига жуда қизиқаман! – хитоб қилди д’Артаньян. – Ҳозир ҳеч қанақа ишим ҳам йўқ.
– Ҳа, лекин, менинг ибодат қиладиган вақтим бўлди, – деди Арамис, – сўнгра д’Егилён хоним илтимос қилган шеърларни битишим керак. Ундан кейин Сент-Оноре кўчасига бориб, де Шеврез хонимга упа-элик харид қилишим керак. Кўриб турибсизки, азизим, сиз шошмасангиз ҳам, лекин мен жуда шошилиб турибман.
Арамис ёш дўстига илтифот билан қўл узатиб, у билан хайр-маъзур қилди.
Д’Артаньян нечоғлик уринмасин, у ўзининг уч янги дўсти ҳақида ортиқ ҳеч нарса билолмади. Келажак батафсилроқ ва аниқроқ маълумотлар қўшади, деган умидда у ҳозирча улар ҳақида ҳикоя қилинаётган нарсаларга ишона туришга қарор қилди. Ҳозирча Атос унга – Ахилл, Портос – Аякс, Арамис эса – Иосиф бўлиб кўринарди.
Умуман, йигитлар шод-хуррам кун кечирардилар. Атос қимор ўйнар ва ҳамиша омади келмасди. Лекин, гарчи, ҳамёни улар учун ҳамиша очиқ бўлса-да, у дўстларидан ҳаргиз бирор су қарз сўрамасди. Борди-ю, насияга ўйнаган тақдирда ҳам у келгуси куниёқ қарзи бор кишини тегишли пулни топшириш учун тонг-саҳарда уйғотарди.
Портос аҳён-аҳёнда ўйнаб қоларди. Бундай кунлари, агар ютган бўлса, у димоғдор ва қўрс бўлиб кетарди. Борди-ю, ютқазиб қўйса, бир-икки кунга дом-дараксиз ғойиб бўларди, кейин юзлари сўлишган, синиққан ҳолатда, лекин чўнтагида пул билан қайтиб келарди.
Арамис ҳеч қачон ўйнамасди. У энг бемаъни мушкетёр дастурхон устида эса энг зерикарли меҳмон эди. Ҳамиша унинг машғулотга бориши зарур бўлиб қоларди. Базм авжида суҳбат қизиб, майдан кайфлари ошиб, ҳамма дастурхон устида яна икки, ҳатто уч соат ўтиришни чамалаб туришганда, Арамис соатига кўз ташлаб қўзғалар ва лабларида назокатли табассум билан, ўзининг айтишича, унга мулоқот тайинлаган ақоидшунос олим билан кўришишга шошиб хайр-маъзур қиларди. Бошқа дафъа у диссертация устида бир оз бош қотириш учун ошиқар ҳамда уни алахситмасликни дўстларидан илтимос қиларди.
Бундай пайтларда Атос ўктам юзига бирам ярашиқ фусункор табассуми билан жилмайиб қўяр, Портос эса ичиб, Арамисдан жуда борганда қишлоқ руҳонийси чиқади, деб онт ичарди.
Д’Артаньяннинг хизматкори Планше ғойибдан келган омадни тақводорлик билан қабул қилди. У кунига ўттиз су ҳақ олиб, бир ой мобайнида уйига қушдай СКАЧАТЬ