Вақт ёқимли тарзда ўтиб борарди, суҳбат ҳам умуман силлиқ кечмоқда. Қалтис савол-жавоблар тобора камайиб борар, Том ҳамманинг ўзини қўллашга ва хатоларини сезмаганликка олишга интилаётганини кўриб, энди ўзини анча эркин сеза бошлади. Хонимойимчалар оқшомда Томни ҳоким жанобларининг зиёфатига кузатиб боришлари маълум бўлгач, боланинг юраги қувончдан ҳапқириб кетди ва у энди эркин тин олиб, бегона оломон ичида ёлғиз қолмаслигидан енгил тортди; ҳолбуки, маликалар ўзи билан бирга боришларини бир соат аввалроқ эшитганида, у тасаввур ҳам қилиб бўлмайдиган даражада даҳшатга тушган бўлур эди.
Икковлон лордлар – Томнинг ҳимоячи валинеъматлари, бу даҳмаза суҳбатдан бошқа иштирокчиларга қараганда камроқ завқ олдилар. Улар ўзларини гўёки хавфли кўрфазда улкан кемани бошқариб бораётган ихтиёрсиз дарғалардай ҳис этишмоқда эди; ҳар лаҳза эҳтиёткор бўлмоқлари лозим, уларнинг бу мажбуриятлари болаларнинг безарар ўйинлари эмасди.
Алал оқибат ёш хонимчаларнинг ташрифлари ниҳоясига етиб, хизматкорлар лорд Гилфорд Дадлининг келганини хабар қилганларида, масъул лордлар ўз “шогирд”ларини жуда ҳам зўриқтириб қўйиш мумкин эмаслигини ва бундан ташқари бу беқарор мулоқотлар кемасини беихтиёр яна бошқа бир янги ўзанга йўллаб қўйсалар, тағин уни ортга қайтариш машаққати ҳам борлигини ўйлаб, Томга ушбу қабулга чуқур тавозеъ ила рад жавобини бермоқликни тавсия этишди. Томнинг ўзи ҳам бундан қувониб кетди, аммо Жейн хоним кўркам йигитнинг қабул қилинмаслигини билгач, аламдан қовоғи уйилди.
Ўртага жимлик инди. Гўёки ҳаммалари ниманидир кутмоқда эдилар. Айнан нима кутилаётганига шу топда Томнинг фаҳми етмай турибди. Бола лорд Гертфордга кўз тикди, у эса сирли ишора қилди. Лекин “валиаҳд” бу сирли ишоранинг маъносини тушунмади. Элизабет хоним ўзининг ҳар доимги топқирлиги билан уни қийин вазиятдан чиқаришга шошилди. Шаҳзодага нозик таъзим бажо келтирган ҳолда сўради:
– Аъло ҳазрат, муҳтарам иним, кетишимизга ижозат берасизми?
– Албатта, соҳиба хоним, истаган нарсангизга изн сўрамоқликка ҳақлисиз, – деди Том, – аммо мен бирор бошқа истагингизни бажонидил адо этган бўлардим, – чунки буниси каминанинг ихтиёридан ташқарида – аммо сизнинг нурафшон дийдорингиздан айрилмоқ менинг хоҳишимдаги иш эмас. Аммо на илож, борақолинглар, сизни парвардигор ярлақасин!
У мийиғида кулиб қўйди ва ўзича ўйлади: “Вақтимни китобларнинг саҳифаларидаги шаҳзодалар орасида ўтказганларим зойе кетмабди. Уларнинг баландпарвоз нутқларига тақлид қилишни яхшигина ўзлаштириб олибман!”
Олийнасаб хонимчалар кетишгач, Том ҳорғин аҳволда ўзининг СКАЧАТЬ