Ушбу сўзлар ўзига қаратилган табиб чуқур таъзим қилди ва жавоб қилди:
– Тахминингиз тўғри, ҳукмдорим, каминанинг фикри ила ҳамоҳанг.
Соҳиби салтанат донишманд ҳакимнинг эътирофидан шодланиб кетди шекилли, буёғига қувноқ овозда давом этди:
– Жуда соз! Шаҳзодани ҳамма кузатиб турсин. Уни синовдан ўтказишни тўхтатмаймиз.
Сўнг Томга ўз саволини француз тилида баён этди. Том ҳамманинг нигоҳи ўзига қаратилганидан ноқулай аҳволга тушиб, бир дақиқа жим турди, сўнг уялибгина деди:
– Эътироф этмоқликка ижозат бергайсиз, тақсир, бу ажнабий тил менга нотаниш.
Қирол яна ўзини ёстиққа ташлаб, ёнбошлаб олди. Бир нечта хизматкорлар унинг хизматига югуришди, лекин уларни қайтарди:
– Мени безовта қилманглар… вужудим озгина бўшашди, шу холос. Мени ўтқазиб қўйинглар-чи. Бўлди, ана шундай. Буёққа кел, бўтам, мияси айниган шўрлик бошингни отангнинг кўксига қўйгин-да, тинчлан! Тез орада соғайиб кетасан; бу вақтинчалик ғалатиликлар ўтиб кетади. Бундан қўрқма! Яқинда соғлом бола бўласан.
Сўнг у қаршисидагиларга ўгирилди ва ҳукмдорнинг мулойим юзида қаҳр намоён бўлди, кўзларида ғазаб учқунлари чақнади.
– Ҳаммангиз эшитиб олинг! – дўқ урди у. – Ўғлимнинг эс-ҳуши жойида эмас. Лекин бу телбалик вақтинчалик ҳол. Бу ҳолат машаққатли дарс машғулотлари ва ёлғизлик туфайли юзага келган. Ҳамма китобларни йўқотинг, муаллимларни ҳайданг! Ўғлимни турли ўйинлар билан чалғитинг, унинг куч-қувватини мустаҳкамлайдиган, саломатлигини тиклайдиган ҳаракатчан ўйинлар билан кўнглини хушланг.
Қирол ёстиғидан янаям баландроқ кўтарилди ва янада каттароқ руҳланиш ила сўзида давом этди:
– Боланинг ақли жойида эмас, аммо у менинг фарзандим ҳамда Англия тахтининг вориси. У соғлом ақл биланми, телбавор онги биланми, барибир ҳукмдорлик қилади! Амримни тингланг ва ҳамма ерда жар солинг: унинг саломатлиги ҳақида сўз очган ҳар бир кимса Британия салтанатининг тинчлигига ва осойишталигига таҳдид қилган ҳисобланади ва дарҳол сиртмоққа тортилади!… Ичишга бирор нима беринг… юрагим куйиб кетяпти… мусибат куч-қувватимни қирқиб ташлаяпти… Ана шундоқ. Мана бу қадаҳни кўз олдимдан йўқотинг… Мени қўлтиқлаб олинг. Ана шундоқ, маъқул. Зоти валадимиз телбами? Агар у минг баттар тентакроқ бўлганида ҳам – барибир Уэлс шаҳзодаси эрур. Камина, инглиз қироли буни оммавий равишда тасдиқлагай. Эндиликда эса барча қадимий анъаналаримизга риоя этилган ҳолда ўғлонимиз валиаҳд шаҳзода сифатида эълон қилингуси. Лорд Гертфорд, ҳозироқ маросимни бошлашингизни амр қиламан.
Аъёнлардан бири қирол тахти қаршисида итоаткорона тиз букди ва маълумот берди:
– Соҳиби салтанат ҳазрати олийларига яхши маълумдурким, Англия бош фармоначи гофмаршали6 Тауэр минорасига зиндонбанд этилган. СКАЧАТЬ