МЕН БОРМАН, ҲАЁТ. Г. Жамилова
Чтение книги онлайн.

Читать онлайн книгу МЕН БОРМАН, ҲАЁТ - Г. Жамилова страница 10

Название: МЕН БОРМАН, ҲАЁТ

Автор: Г. Жамилова

Издательство: SHARQ

Жанр:

Серия:

isbn: 978-9943-26-977-4

isbn:

СКАЧАТЬ сўнг англаб етдимки, бу доно аёл ўгитлари билан нафақат биз набираларининг, балки барча ёшларнинг қурилажак оиласи мустаҳкам, ҳаёт йўли ойдин бўлишини истаб жонҳалак экан!

      – Аёл зоти уйига бор меҳрини бағишлаб, тежамли ва қаноатли, итоатли ва сабрли бўлса, хонадонини асраб-авайласа турмушига ҳеч бир заха етмайди. Бу дунёда фақат одамнинг эмас, ҳатто қушнинг ҳам ини бузилмасин, болам, – дер эди энам.

      ИККИНЧИ БЎЛИМ

      ЮРАГИМДАН САЧРАЁТГАН ЧЎҒ

      (она юрт манзаралари)

      Эндигина мактабга қатнаётган ўқувчилар эдик. Бир куни ўқитувчи синфга кирди ва дабдурустдан “Ҳозирги дарсда Ватан ҳақида суҳбатлашамиз”, деди.

      Шунда орқа партадаги бир бола қўл кўтарди.

      – Муаллим, Ватан нима ўзи?

      Ҳаммамиз кулиб юбордик. Ўқитувчи бизга “жим” ишорасини қилди. Кейин ўзи бу мавзу ҳақида узоқ гапирди. Синф сув қуйгандек жимжит эди. Суҳбатни жудаям берилиб тинглаганимиз учунми, танаффусга қўнғироқ чалинганини ҳам сезмагандик, ўшанда…

      Қанча сувлар оқиб кетди. Биз улғайдик. Энди мен Ватан ҳақида ўйласам, кўнглим ёруғ туйғулардан ёришиб кетади. Аслида бу туйғулар гўдаклигимиздаёқ она сути, она меҳри, она алласи билан бирга томирларимизга сингган. Боболаримизнинг ҳикматлари, момоларимизнинг эртаклари орқали юракларимизга жо бўлган!

      Айни баҳор кезларида отаси эккан кўчатларга жажжи челагида сув ташиб қуйган болакайнинг кўзлари тубида илдиз отарди Ватан туйғуси!

      Онаси кашта тикаётганда ёнида ўтириб, оддий матода ипак гуллар яратаётган сеҳрли бармоқларга ажабланиб термулган қизалоқнинг нигоҳларидаги ҳайратга қоришиқ эди бу туйғу!

      Чексиз-чегарасиз дала-қирлар, тупроқни ёриб яшашга чоғланаётган юз бир хил майсалар…

      Бошоқлари олтинланиб товланаётган буғдойзор…

      Кечқурунлари уфқ ортига ботадиган Қуёш…

      Тераклар учига осилиб қолган Ой…

      Ҳар баҳорда уйларимиз шифтидаги инига келиб бола очгувчи она қалдирғоч…

      Кекса тут тепасидаги уясини ҳар ёзда адашмай топиб келадиган лайлаклар…

      Бу манзаралар шу қадар кўп, шу қадар ранг-барангки, ҳатто юракларимизга сиғмайди.

      Демак, биз борлиқни тушуна бошлаган ўша кезлардаёқ Ватан не эканини англаб етгандик.

      Сўнг бу туйғуни лаҳзама-лаҳза, заррама-зарра кашф эта бордик. Ўзимиз улғайганимиз сайин шу туйғу ҳам юрагимизда улғайди!

      ОЛИС КЕТСАНГ, СОҒИНЧИ ҚИЙНАР

      Чет эл сафаридан қайтган танишимиз даврада ўз таассуротларини сўзлаётиб, шундай деди:

      – Ўша юртнинг табиати жуда гўзал экан. Бизни яхши кутиб олишди. Иззат-ҳурмат кўрсатиб ширин мевалар билан сийладилар. Лекин буларнинг ҳеч бири кўнглимиздаги бўшлиқни тўлдиролмади. Нуқул она юрт томон интиламиз. Бир-биримизга билдирмай кун санаймиз. Шундай кезларда тушуниб етдим, агар кишини ўлдирса, Ватан соғинчи ўлдираркан!

СКАЧАТЬ