Ўша йилларда Роҳатой Қўйсинова пойтахтга қатнаб, юқори идоралар раҳбарларидан ёрдам сўради. Ўғиллари – Асатилло, Мақсатилло, Аминжон, Равшан, Луқмонжонлар онанинг ёнида туриб кўмаклашдилар. Савоб ишда чуқур ҳикмат борлигини яхши билган қизлари – Рухсора, Гулбаҳор, Гулноралар эса онага маънан қувват бағишлашди. Хуллас, Тўпхона тепалиги бағрида боғу узумзорлар барпо этилиб, илк йиллардаёқ ҳосили баракали бўлди. Мева-чевалар дастлаб тумандаги болалар боғчалари ва камдаромадли хонадонларга етказиб берилди…
Йигирма йилларча аввал, аниқроғи “Саодат” журналида ишлаётган кезларим эди.
Роҳатой она амалга ошираётган катта ишлар ҳақида эшитиб, у киши яшаётган Ургутнинг Ҳалим Мўминов номли жамоа хўжалигидаги Сўфиён маҳалласига йўл олдим. Ўша йилларда бир юз эллик метрча келадиган баландликдаги Тўпхона тепалигига сув чиқариб боғ яратган ва ишни бошлагунига қадар йўлида ғов бўлган минг битта машаққатларни енгиб ўтган бу аёлни мен дастлаб худди эркаклардек қайсар ва шаддод бўлса керак деб ўйлагандим. Учрашганимда эса рўпарамда жуссаси кичиккина, озғин ва чеҳрасида нур балқиб турган иймон-эътиқодли аёлни кўрдим. Товушлари мулойим бўлса-да, гап-сўзлари дадил, ич-ичларида қатъият ва ўзгача жасорат борлигини пайқадим. Роҳатой онанинг суҳбатларини мириқиб эшитдим. У киши боғни барпо қилгунигача бўлган қийинчиликлар ҳақида гапириб, кейин “мен фақат меҳнат қилаяпман, қолганини Яратганнинг Ўзи беради”, дедилар.
Ургутга кейинги борганларимда Тўпхонада ғарқ пишган оқ-қора кишмиш узумларни, шафтоли, нок ва олмаларнинг мазасини татиб кўрдим. Роҳатой она бош-қош бўлиб ободонлаштирилган шу тепаликда ўтказилган Наврўз сайлида бутун Ургут халқи қатнашганининг довруғини ҳам эшитдим.
Куйиб-ёниб, машаққатли меҳнати орқали обрў топаётганларга рақиб ҳам топиларкан. Ўша кезларда Роҳатой онанинг тиним билмай қилган меҳнати ва эл назарига тушгани айрим кишиларнинг ғашини келтирди. Қаранг-а, аёл киши не-не қийинчиликларга чидаб тошлоқ ерни ўзлаштирса, тупроғини пешонасининг тери билан суғорса, сўнг тап-тақир жойни обод қилиб қанду новвотдек мевалар етиштирса-ю, “баракалла” дейиш ўрнига айрим одамлар унинг йўлига ғов бўлишса?! Қани ҳақиқат? Шукрки, адолат йўлини аниқ кўрсатувчи, оқни-оққа, қорани-қорага ажратиб бергувчилар бор.
Йиллар ўтиб, Роҳатой она эзгу ишлари билан тилга тушди. 2006 йилда муборак Ҳаж зиёратида бўлиб қайтдилар. Узоқ йиллик меҳнатлари қадрланиб, ҳукуматимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланди.
Роҳатой ҳожи она одамзодни бағрида кўтариб яйратаётган шу замин тупроғини муқаддас деб билади. Шунинг учун ёшлигиданоқ она ерга меҳр қўйди. “Сен ерни иззатласанг, эл сени иззатлайди”, деган мақолга амал қилди. Бирор лаҳза тиним билмади. Ўз кучига, меҳнатига ва эътиқодига таянди. Ҳар ишда кенгфеъл, эл СКАЧАТЬ