Юрак - аланга: бадиалар. Иброҳим Ғафуров
Чтение книги онлайн.

Читать онлайн книгу Юрак - аланга: бадиалар - Иброҳим Ғафуров страница 24

Название: Юрак - аланга: бадиалар

Автор: Иброҳим Ғафуров

Издательство: Yangi asr avlodi

Жанр:

Серия:

isbn: 978-9943-20-988-6

isbn:

СКАЧАТЬ жуда ўксиниб турибди: нега Назирқул бўлганда, мен бўлмас эканман деб. Бундан ташқари, китобхон Назирқул Мастон муносабатларига жуда қизиқиб қарайди. Бунда ёрқин бир эпизодлар бўлишини тасаввур қилиш мумкин эди.

      Булар ўз йўли билан.

      Назир Сафаровнинг романи ҳозирги ҳолатида ҳам адабиётимизнинг олтин хазинасига кирган Ойбекнинг «Болалик», Садриддин Айнийнинг «Эсдаликлар», Ғафур Ғуломнинг «Шум бола», Абдулла Қаҳҳорнинг «Ўтмишдан эртаклар», Мўминжон Муҳаммаджоновнинг «Турмуш уринишлари» сингари сертўлқин ва ҳаётга бой асарлари қаторидан муносиб ўрин олади, албатта. Чунки булар кечаги тарихимизнинг эҳтиросли тўлқинларидир.

      КУНЛАР ВА ОДАМЛАР

      Саид Аҳмад «Қирқ беш кун» деб аталган романи билан ўн йиллик меҳнатининг самараси – «Уфқ» трилогиясига сўнг нуқтани қўйди. Эсингизда бўлса, ёзувчи трилогиянинг биринчи нашр этилган китоби хотимасида шундай сўзларни ёзган эди: «Ерни кўз ёши эмас, пешона тери яшнатган. Инсоннинг ҳаётдан илинжи кўп. Ноумид шайтон, дейдилар. Кўнгилга тасалли берувчи, одамни ҳамиша оёққа турғизувчи, ўйлатувчи, курашга чорловчи чигал жумбоқлар кўп бу оламда». Саид Аҳмад «Қирқ беш кун»нинг марказига ҳам мана шундай инсонни курашга чорловчи бир қатор чигал жумбоқларни қўяди.

      Роман бошида биз урушдан илгариги осуда, ариқлар жилдираб оқиб турган, толлар қуюқ соя ташлаган, саратон офтобида ҳансираб ётган ўша таниш Зириллама қишлоғига кириб борамиз. Димоқларимизга ҳандалак ҳиди урилади. Лекин бу алдамчи сокинлик. Сал ўтмай қишлоқдан йиғи чиқади. Қишлоқ аҳли азага шошилади. Қишлоқнинг бошқа бир ерида эса кучини қаерга қўйишни билмаган жўмард паҳлавон Азизхон қорнига дарвоза тавақасини қўйиб, устидан болаларни от миндириб ўтказади, ғазабидан кўкариб кетган аравакашларнинг бирини у ёққа, бирини бу ёққа отиб ишкал чиқаради, Икромжонлар ҳовлисида эса Турсунбой пашшага таланиб такасалтанглик билан ухлаб ётади, унинг қилиқларида бўлажак қочоқнинг барча иллатлари ниш уриб туради, ёзувчи унинг равишрафторини беқиёс бир нафрат билан тасвирлайди. Шундан сўнг адиб бизни аста-секин трилогиянинг бу китоби учун бош қаҳрамон қилиб танланган Азизхоннинг ҳаёти ичига олиб кира бошлайди. Азизхон романнинг илгари чиққан китобларида бизга урушда фидокорлик кўрсатган, Қаҳрамон унвонига сазовор бўлган, бутун Фарғонанинг фахрига айланган инсон сифатида таниш эди. «Қирқ беш кун»да адиб шу қаҳрамон йигитнинг биографиясига чуқур киради. Унинг инсон сифатида шаклланиш жараёнларини атрофлича очади, шахс характерининг тиклана бориш қонуниятларини бадиий таҳлил қилади. Халқимизда йигит киши ўзини маърака-майдонда кўрсатади, деган гап бор. Ёзувчи трилогиянинг барча қисмларида мана шу ҳаётий фикрга қатъий амал қилади. Унинг барча қаҳрамонлари ўзларини, ўзларидаги оддий, лекин оддийлигида кўркам маънавий фазилатларини қурилишларда, янги ерларни очишда, оғир меҳнат жабҳаларида намоён қиладилар. Трилогиянинг бу китобида шундай синов майдони – қирқ беш СКАЧАТЬ