Ғайриодатий экспонат қора гроттога жойлаштирилганди. У пол тирқишларидан чиқиб, тепага ҳаракатланиб, шифт тирқишларида ғойиб бўлувчи тўққизта энсиз тасмалардан ташкил топганди… Ижод намунаси вертикал югураётган тўққизта тренажёрга ўхшарди. Ҳар бир тасма юзасида матн акс этган бўлиб, бу ёзувлар ҳам тасмаларга қўшилиб тинимсиз ҳаракатда эди.
Мен баланд овозда илтижо қиламан…
Сенинг ифорингни ҳис қиламан…
Сенинг исмингни айтаман.
Лэнгдон экспонатга яқинроқ боргач пайқадики, ҳаракатланаётгандек туюлган тасмалар аслида жойидан жилмаётган экан; ҳаракат иллюзияси уларга ўрнатилган миттигина лампочкалар орқали ҳосил қилинарди. Лампочкалар кетма-кет ўчиб-ёниб керакли сўзларни шакллантиради. Ҳодиса тез ва аниқ изчилликда бўлгани сабабли тасмалар ва ундаги жумлалар полдан шифтга қараб ҳаракатланаётгандек туюларди.
Мен тўйиб йиғлаяпман…
Атроф қонга бўялган…
Ҳеч ким менга чурқ этмайди.
Лэнгдон экспонатнинг ҳамма қисмини айланиб кўрди ва синчиклаб ўрганди.
– Жуда қизиқ нарса, – тўсатдан тилга кирди аудио йўлбошловчи. – “Бильбао ўрнатмаси” деб аталувчи бу дурдона концептуал рассом Женни Ҳолзер ижодига мансуб бўлиб, ҳар бири тахминан ўн икки метр узунликдаги тўққизта панелдан иборат. Панелларда испан, баск ҳамда инглизчада турли иқтибослар акс этади. Иқтибосларнинг барчаси ОИТС даҳшатлари, беморларнинг мислсиз азоблари ҳақида.
Экспонат кишини ўзига ром этиб, айни дамда юракни тилка-пора қилувчи хусусиятга эга эканига Лэнгдон тан берди.
– Женни Ҳолзернинг ижоди сизга таниш бўлса керак?
Лэнгдон сеҳрлангандек юқорига ўрмалаётган матнлардан кўз узолмасди.
Мен бошимни кўмаман…
Мен бошингни кўмаман…
Мен сени кўмаман.
– Жаноб Лэнгдон? – чақирди Лэнгдоннинг боши ичидаги овоз. – Жаноб Лэнгдон, мени эшитяпсизми? Қулоқчин ишлаяптими?
Профессорнинг хаёллари тўзғиб кетди:
– А? Нима? Ким гапиряпти?
– Ким гапиряпти? – ажабланди овоз. – Аллақачон танишиб бўлдик, деб ўйлагандим. Шунчаки, мени эшитаётганингизни текширмоқчи эдим.
– Мен… Мени кечирасиз, – дудуқланди Лэнгдон залга алангларкан. – Сизни аввалдан ёзилган матн деб ўйлагандим. Алоқада тирик инсон турганини пайқамабман.
Унинг кўз олдига қулоқчин тақиб, музей каталогига тикилган юзлаб экскурсоводлар ўтирган катта хона келди.
– Ҳечқиси СКАЧАТЬ