– Ҳозир гап физика ёки астрономиядаги янгиликлардан кўра чуқурроқ масала устида кетяпти! – ал-Фадл хитоб қилди. – Кирш эътиқодларимизнинг илдизига болта урмоқда. Тарихда нима бўлганини истаганча эслатишингиз мумкин, лекин унутманг, Ватиканингиз босди‐босди қилишга қанчалик уринмасин, алалоқибат, Галилей ғалаба қозонди, унинг илми оламга ёйилди. Кирш билан ҳам шундай бўлади. У ҳам ғолиблик лаззатини тотади. Бунинг олдини олиб бўлмайди.
Ўртага оғир сукунат чўкди.
– Юзага келган вазиятга нисбатан муносабатим жуда оддий, – сукунатни бузди Вальдеспино. – Қанийди, Эдмонд Кирш шу кашфиётини умуман қилмаган бўлсайди… Унинг топилмаларини қабул қилишга тайёр эмасмиз. Шунинг учун Киршнинг янгилиги дунё юзини кўрмаслигини афзал биламан, – руҳоний бир зум тин олди. – Шу билан бирга, оламдаги ҳар бир ҳодиса Яратганнинг режасига биноан амалга ошишига ишонаман. Балки қилган илтижоларимиз Парвардигорга етиб бориб, Худонинг ўзи кашфиёт ҳақида оммага ошкор этмасликни Киршнинг қалбига солар.
Ал-Фадл қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборди:
– Жаноб Кирш Худонинг кўрсатмаларини тинглашга қодир одамлар cирасига киради, деб ўйламайман.
– Бўлиши мумкин. Лекин мўъжизалар ҳар куни содир бўлади.
– Кечирасиз‐у, – ал-Фадлнинг фиғони фалакка кўтарилиб, пишқирди, – агар Худо Киршнинг жонини олмаса…
– Жаноблар! – гапга аралашди Кёвеш вужудга келган зиддият суронини пасайтириш учун. – Қарор қабул қилишда шошмаганимиз маъқул. Бу масала айнан бугун ҳал қилиниши шарт эмас. Жаноб Кирш янгиликни бир ойдан сўнг эълон қилишини айтганди. Келинглар, яхшиси, масалани ҳар биримиз алоҳида чуқур мулоҳаза қилайлик. Бир неча кундан сўнг фикр алмашамиз. Ҳиссиётларга берилмасдан қилинган мушоҳадалар тўғри йўлни кўрсатажак, албатта!
– Доно маслаҳат! – унинг фикрига қўшилди Вальдеспино.
– Лекин узоқ кутолмаймиз, – ал-Фадл вақт йўқотишдан хавотирланиб огоҳлантирди. – Икки кундан кейин қайта алоқага чиқамиз.
– Келишдик. Ўшанда сўнгги қарорга келамиз, – рози бўлди Вальдеспино.
Бу суҳбат бўлганига ҳам роппа‐роса икки кун ўтди. Бир тўхтамга келиш муддати етди.
Хосхонасида ўтирган Кёвешнинг юраги бесаранжом урарди. “Негадир кечикишяпти…” Ўн дақиқа ўтди, қўнғироқдан дарак йўқ.
Фикрлар уммонида сузиб юрган раввин телефоннинг асабий жиринглашини эшитиб, гўшакка ёпишди.
– Хайрли кеч, раввин, – нариги томондан руҳоний Вальдеспинонинг хавотирланган овози келди. – Ушланиб қолганим учун узр. Аллома ал-Фадл суҳбатимизга қўшилолмайди, деб қўрқаман.
– Нима? Қанақасига? – ташвишга тушди Кёвеш. – Унга нима бўлди?
– Хабарим йўқ… Кун бўйи ал-Фадл билан боғланиш СКАЧАТЬ