Шоислом унга бир қадам қўйсам етиб оламан, деб ўйлаганди. Лекин… У барибир чарчаб қолади, хаёлидан ўтказарди Шоислом. Ахир, Қизил деҳқонгача пиёда бориб бўлмайди-ку!!!
Йигит шошиб қолганидан қаердан кириб, қайси кўчадан чиққанини билолмай қолди. Анча юришди. Қараса, боядан бери олдинда кетаётган оқ шарпа ғойиб бўлибди. Туйқус йўқолиб қолди. Шу атрофда таниши тураркан-да, деб ўйлади Шоислом тарвузи қўлтиғидан тушиб. Лекин у шарпа йўқолган жойгача юриб келди-ю, икки тавақали кўк эшикни кўриб донг қотиб қолди.
Бу ўша эшик эди – Қизил деҳқондаги! Ана, қулфи ҳам ўзгармаган. «Шу ергача пиёда келдикми? – ўйлади Шоислом. – Ёки мен ҳалигача ухлаяпманми?!».
Эшикни итарганди, у ўз-ўзидан очилиб кетди. Таниш йўлакдан ичкари кирди. Оқ шарпа «ғув» этиб ўзини панага олди. «Дарвозадан қараб турган экан-да!», ўйлади Шоислом. Кейин иккилана-иккилана эшикни тақиллатди. Қизил дарахтдан ўйиб ишланган эшик ғийқ этиб очилди. Шоислом ичкари кирди-ю, диванга қўйилган сумкаларни кўрди.
Хона худди тушида кўрганидай, ҳашаматли қилиб безатилганди. Ўша залворли дарпардалар, ўша гиламлар… ичкаридан Дилбар чиқди.
– Барибир етиб олибсиз-да! – деди унга ғалати тикилганча. – Аммо… келиб нима қилардингиз?! – таъна қилиб деди у.
– Нега келганимни ўзим ҳам билмайман. Мана бу ерим ёниб кетяпти… – деди Шоислом кўкрак қафасини кўрсатиб.
Дилбар нохуш жилмайди. Энсаси қотдими, «ҳамманг бир гўрсан», демоқчи бўлдими, Шоислом тушунмади…
– Нега кетиб қолдингиз? Нега тўхтамадингиз?
Дилбар индамади.
– Чой ичасизми? – сўради у томдан тараша тушгандай.
– Чой?! – ҳайрон бўлди Шоислом. – Чойми?! Ташқарида ёмғир бошлади…
Дилбар ташқарига қулоқ тутиб турди-да, кўзлари каттариб кетди.
– Ана, ана ёмғир ёғяпти! – кейин йигитнинг қўлларига ёпишди. – Қўрқаман, қўрқаман …
Бу қўл эмас, суяк эди. Йигитнинг кафтига қаттиқ ботди. Шоислом ҳайратланиб қизга қаради…
Қизнинг кўзларида қўрқув, алаҳлашда давом этарди.
– Улар келишади! Яна келишади! Мени ўлдиришади…
– Дилбар! – уни ўзига келтирмоқчи бўлиб қаттиқ бақирди Шоислом. – Ким келади? Кимни келади, деяпсиз…
– Ўшалар! Пул сўраб келишади…
– Мен борман-ку, ҳеч ким ҳеч нима қилолмайди.
– Сиз… сиз кетмайсиз-а?! Сиз… менга уйланасиз-а? – у Шоисломнинг кўзларига мўлтайди. Йигит ҳам унга бақрайганча қотиб қолди. У нима дейишни билмасди ва кўз ўнгида ўзгараётган аёлни сира тушунолмаётганди. Балки наша-паша чекиб олгандир, деб ҳам ўйлади. Бошқа томондан кўрган туши ўнг келаётганидан ҳайратда эди. У қўрқа-писа аёлнинг томоғига кўз ташлади-ю, бақириб юбораёзди. Унинг оппоқ-силлиқ томоғини аниқ кўк тусли гардиш ўраб турарди.
– Ҳозир, ҳозир… – деди қиз. Кейин шошганча ичкаридан бир нима олиб чиқди. Уни Шоисломнинг бармоғига СКАЧАТЬ