– Сиз менга уйланасиз-а! Мени ташлаб кетмайсиз-а?! – худди талвасага тушгандай қайта-қайта дермиш у. Шоислом қизнинг қайноқ кўз ёши оқаётган юзларига кафтларини босиб, унинг дудоғидан ўпмоқчи бўлибди. Шунда аёлнинг томоғидаги кўм-кўк гардишли изни кўриб, додлаганча уни итариб юборибди …
Шоислом қаттиқ бақирганидан ўзи уйғониб кетди. Ўрнидан туриб ўтирди. У жиққа терга ботган, ҳансираб нафас оларди. Ошхонага ўтиб, сув ичиб юборди. Ювиниб келиб калима қайтарди-да, ётди. Тушига яна Дилбар кирса бўладими?!
– Ўн учинчида… – дебди у хаёлчан. – Ўн учинчида яна ўша жойга келинг! – ялинганнамо дебди аёл. – Келасизми? Келасизми…
Шоислом алаҳлаб уйғониб кетди. Қулоғида ўша сўз, аёл «келасизми…», дея қайта-қайта чорлаётганди, кўзлари мунгли. Кўрган тушидан юраги ғашланди. Аёлни бир фалокат кутяпти, деб ўйлади. Ёки фалокат юз бериб бўлган! Бу фикрдан юраги гупирлаб уриб кетди… Ўн учинчи, ўн учинчи… яна уч кундан кейин! Кутишга тўғри келади…
Шоислом ҳар тунда ишдан қайтар экан, вокзал олдидаги скамейкада папирос чекиб бироз ўтирар, аёлни ўйлар, кейин уйига кетарди. Йигитнинг бирдан жиддий, хомуш бўлиб қолганини ҳамхоналари бошқа нарсага йўйишди.
– Ҳа, тинчликми? – койигандай деди Иброҳим ака. – Анов аёлнинг эри бор эканми?
Йигит «ялт» этиб Иброҳим акага қаради. Кейин жаҳли чиқиб, зарда қилди:
– Э, бошқа гапингиз йўқми? – тўнғиллади Шоислом. – Унинг ҳеч қанақа эр-пери йўқ. Эри ташлаб кетган…
Иброҳим ака масхараомуз кулди:
– Жуда таниш чўпчак-ку бу! Ўргимчак тўр тўқияпти, – маъноли қилиб деди у.
– Қизил деҳқонни қўмсаяпти бу, – Иброҳим акани қувватлади Азамат. – Бизни ҳам олиб бор… – йигит шундай дейиши билан Шоислом ўрнидан туриб кетди ва Азаматнинг юзига бир мушт туширди. У эса Шоисломни аяб ўтирмади. Белидан даст кўтариб, ерга босди.
– Ҳе мишиқи! Бир қанжиқни деб жўрангга қўл кўтардингми?! – Азамат Шоисломнинг бўйнидан бўғиб олди.
–Исботинг борми! – хириллади Шоислом. – Қўйвор, дедим… – Азамат уни бўшатди.
Шоислом ўрнидан туриб эгнини қоқди, томоғини силаб деди:
– Номозхонмиш… – кейин қовоғини уйганча кўчага чиқиб кетди. Овқат маҳали ҳам уйга қайтмади. Кўчадан ул-бул еб, ишга кетди. Шериклари келса-да, уларга қайрилиб боқмади. Иш тугагач, Иброҳим ака Шоисломнинг тайсалланаётганини кўриб деди:
– Эсингни йиғиб ол, бола!
Шоислом унга қаттиқ қараш қилди-ю, чирт бурилиб кетди. Бормайди уйга! Кўчада тунаса ҳам бормайди!
Одати бўйича вокзал олдидаги скамейкалардан бирига ўтириб, папирос тутатди. Керак бўлса, тонггача ўтириб чиқади.
Аммо бирдан кўтарилган шамол Шоисломнинг этини жунжиктирди. У илкис осмонга кўз ташлади. Ҳавонинг авзойи бузуқ, осмон тўкилай деб турганди.
– Оббо, худо урди! – ўйлади у. Иссиқ бўлсин учун оёғини чалиштириб ўтирди. СКАЧАТЬ