– Э, синглим, – гапга аралашди шофёр йигит. – Худо жазосини беради, ҳали. Сизни қон йиғлатиб, ўзи бахтли бўлармикин?! Соғ-саломат бўлсангиз эшитарсиз, э, садқаи кўз ёшингиз кетсин, қўйинг, йиғламанг…
Шоислом индамай, жим ўтирарди. Аёлга ачинарди. Нимадир қилса-ю, мушкулини осон этса…
Машина пахса девор, лой сувоқ уйлар, бир-бирига уйқаштириб қурилган, илон изи кўчага бурилди. Бу кўчадан анча юриб, кўримсизгина, икки тавақали кўк эшик қаршисида тўхтади. Шоислом аёлнинг юкларини йўлаккача олиб кириб берди. Ўзини Дилбар деб таништирган аёл уни дуо қилди, йиғлабгина дуо қилди.
Шоислом шофёр билан бирга қайтди.
– Эссиз, шундоқ жувон-а! Туғмаган экан-да! – деди шофёр унга ачиниб.
Шоислом йўл бўйи чурқ этиб оғиз очмади. Бир нуқтага қадалган кўйи ўтирарди. Зеро, унга нимадир бўлгани аниқ.
Аёл: «Ҳой, ука! Ҳой, яхши йигит!» деб чақирганидаёқ, аёлнинг юзини кўрмай туриб, унга нимадир бўлган эди…
Аёлни орадан бир ой ўтиб, яна учратди. Ўша иккита катта сумка, ўша оқ кўйлак. Бу сафар Шоислом ўзи ҳақида гапириб берди. Нега бунақа сергап бўлиб қолганига ўзи ҳайрон. Шу куни у тонггача ухлолмай, «уф» тортиб чиқди. Нонуштада ҳам бир нуқтага қадалиб ўтирди. Тузук-қуруқ ҳеч нима емади. Унинг аҳволи-руҳиясини кўриб, Иброҳим ака Азамат полвонга пичирлади:
– «Бек ошиқ!», – улар шарақлаб кулиб юборишди.
Шоислом жаҳл билан ўрнидан туриб кетди.
– Қанақа ошиқлик! Нега масхара қиласизлар! – асабийлашиб деди Шоислом.
Йигитнинг ростмана жаҳли чиққанини кўриб, Иброҳим ака ҳам, Азамат полвон ҳам жим бўлиб қолишди.
– Бурга чақдими, ҳой? – норозиланди Иброҳим ака. – Ажина чалганми, нима бало! Туни билан қаерда эдинг? – ўз ўрнида у ҳам йигитни бир суриштириб қўяйин деди. Бунақа пайтда қулоғигача қизариб, кулгили бир жавоб айтадиган Шоислом тўнини тескари кийди. Жаҳлдан қорайиб кетди. Унинг қаттиқ нигоҳидан, нима ишингиз бор, хўжайин эмассиз, деган маънони уқиб олиш қийин эмасди. Аммо ундай деёлмади:
– Нимайди… – истеҳзо аралаш жавоб қилди йигит.
– Ие, ука, бу нима деганинг?! Бирга тургандан кейин суриштираман-да! Биз тергамасак, ким тергайди, сени. Покиза йигит экансан, шаҳарда нима кўп, қош қоқадиган қизлар кўп! Бирон ёмон аёлнинг қўлига тушиб қолма, дейманда, нима дердим, – энди Иброҳим аканинг ҳам жаҳли чиқди.
Шунча вақт бирга яшаб ҳали ўрталарида гап қочмаганди.
– У сира унақа аёлга ўхшамайди!!!
– Ие?! – Иброҳим ака билан СКАЧАТЬ