Бу янгилик унга қаттиқ таъсир қилган, ҳатто энди синфга ҳам киргиси келмаётганди. Кўз ўнгида Герцнинг маҳзун қиёфаси гавдаланар, кулиши, гапириш оҳангларини эсларкан, унинг бузғунчи эканига сира ишонгиси келмасди. Йўқ, бунга ишониб бўлмайди. Герц унақа болага ўхшамайди. Лекин ота-онаси ҳақида оғиз кўпиртиргани-чи? Балки болалар масхара қилишмасин, деб етимлигини айтгиси келмагандир? Қандайдир кампир билан туриши ҳам ғалати. Ҳужжатларининг ёнгани, мактабга атайлаб ўт қўйилгани, буларнинг ҳаммаси сирли. Омон ўйлай-ўйлай сира ўйига етолмади.
У физика кабинети қаршисида дарс тугашини кутаркан, юраклари қон бўлиб кетди. Қани энди тезроқ қўнғироқ, чалинса-ю, эшитганларини дарров Шодмонга етказса, бундоқ каллани бир жойга қўйиб, ўйлаб кўришса… у бетоқат бўлиб у ёқдан бу ёққа юра бошлади. Даҳлиздаги ойнага тирмашиб, ташқарига қаради. Мактаб боғидаги дарахтлар ҳам қийғос гуллабди. Бу манзарани кўрди-ю, яна лоп этиб Герц эсига тушди. Уни худди шу томонда дўппослашганди. Ўшандаёқ сезганди, хаёлидан ўтказганди-я, шуғулланмаган бола бунақа зарб уролмайди, деб. Ҳали Герц «шпион» бўлса-я, ваҳима босди Омонни.
Шу пайт чиқишга қўнғироқ чалинди. Унинг ҳар бир жаранги Омоннинг танасини яйратиб, тунд хаёлларини тўзғитиб юборгандай бўлди.
Шодмон ҳам безовталана бошлаган эканми, физика хонасидан биринчи бўлиб отилиб чиқди. Бир қўлида Омоннинг папкаси, иккинчисида ўзиники, ҳовлиққанча дўстининг олдига яқинлашди:
– Тинчлик эканми, намунча қолиб кетдинг, – дўстининг жиддий қиёфасини кўриб Шодмон баттар қўрқиб кетди. – Ҳа, нима бўлди, гапирсанг-чи?
–, биз ҳақимизда гапиришмади, – деди Омон паст товушда. Кейин даҳлизда Саида билан суҳбатлашиб турган Герцга зимдан қараб қўйди-да, – фақат ҳозир айтиб бўлмайди-да, локаторлар кўп бу ерда! – деди.
– Яхшиси, бугун бизникига келгин, ўшанда гаплашармиз, – деди у жиддий қиёфада.
Шодмоннинг жаҳли чиқди. Дўстининг ҳеч бунақа одати йўқ эди. Умри бино бўлиб ичида гап сақлаган бола эмас. У ёки артистлик қиляпти, ё бир нимадан чўчияпти. Ҳар қалай, директорнинг хонасида нимадир бўлган…
Шодмон уйга келиб апил-тапил тушлик қилди-ю, шошганча Омонларникига қараб йўл олди. Борса, Омон мазам йўқ, деб уйга кириб ётган экан. Шодмонни кўриши билан унинг тунд қиёфаси бир оз очилди.
Омон тушгача зўрға сақлаб юрган гапларини тўкибсолди. Ўзи нима хаёлларга борганини ҳам айтди.
– Шуни бир кун орқасидан кузатсак, сен нима дейсан. Ҳамма нарса аён бўларди-қўярди. – Балки мактабга битта-яримта қасди бор ўт қўйгандир. Милитсионерлар ҳам қизиқ, ҳужжати бўлмаса, шпионга чиқараверишади.
Бу гаплардан Омоннинг кўнгли анча таскин топди.
– Ўзи қаёқдан кетишини ҳеч кўрганмисан? – деб сўради анча кайфияти кўтарилиб.
– Катта кўчадан автобусга чиққанини кўрганман. У ёғини билмадим. Демак, эртага дарсдан кейин!.. Фақат ҳеч кимга оғиз очмаймиз.
Улар анчагача Герц ҳақида СКАЧАТЬ