Ёш сайёҳимизни ҳайрон қилиш ёки, тўғрироғи, уни ўзини таажжубланганга солишга мажбур этиш нечоғлик мушкул бўлса-да, ўйин уни ҳайратда қолдирган эди. Унинг ватанида, бўлар-бўлмасга қон мияга урадиган ўша диёрда, муборазага чақириш учун қандай бўлмасин, ҳар қалай, бирор важ талаб этиларди. Тўрт ўйинчининг томошаси унга, ҳатто, Гасконнинг ўзида ҳам қачондир ўзи эшитган-билганларининг энг ғаройиби бўлиб туюлди. Унга ўзи Гулливер бориб қолиб, қанча ваҳшатларни бошидан кечирган улкан паҳлавонларнинг ғалати мамлакатига тушиб қолгандай кўриниб кетди. Аслида эса мақсад олис: ҳали зина супаси билан қабулхона турарди.
Супада энди уришишмас – у ерда аёллар тўғрисида, қабулхонада эса – қирол саройи тўғрисида ғийбат қилишарди. Майдончада д’Артаньян қизариб кетди, қабулхонада титрай бошлади. Гасконда ёшгина оқсоч қизлар, гоҳида эса уларнинг ёш бекалари учун ҳам хавфли қилгувчи унинг жонли, дадил тасаввури ҳеч қачон, ҳатто, иситмадан аланглаб ётганда ҳам ҳозир бу ерда суҳбатга мавзу бўлаётган ва бир-бир санаб ўтилаётган сирли тафсилотлар-у, машҳур номлардан алоҳида кескинлик касб этаётган ишқий нашидаларнинг ярмини, севги йўлидаги қаҳрамонликларнинг, ҳатто, чорагини ҳам тасвир этолмасди. Бироқ, майдончада унинг иффатига нуқс теккан бўлса, қабулхонада кардиналга бўлган ҳурмати зил кетди. Бу ерда д’Артаньян бутун Европани ларзага келтираётган сиёсатни танқид қилишаётганини ўта таажжуб билан эшитди; кардиналнинг шахсий ҳаёти ҳам унга суқилишга заррача уриниш учун, д’Артаньяннинг билишича, қанчадан-қанча қудратли кибор мансабдорлар жабр кўрган бўлса-да, бу ерда маломатга қолаётган эди. Ота-д’Артаньян жаноблари роса чуқур ҳурмат қилган шу улуғ киши бу ерда жаноб де Тревилнинг мушкетёрларига калака бўлмоқда эди. Бир хиллари унинг маймоқ оёғлари билан букир елкаларини мазах қилишарди; баъзан бировлари унинг маъшуқаси мадам д’Егилён билан унинг жияни де Комбале хоним ҳақида қўшиқлар куйлашарди; бошқалари эса шу ернинг ўзида кардиналнинг ғуломлари ва шахсий соқчиларини кулги қилишга келишиб олардилар – д’Артаньянга буларнинг ҳаммаси ақл бовар қилмас ёввойи нарсалар бўлиб туюларди.
Лекин, кардиналга аталган бу аччиқ, ҳажвияларга ногаҳон қиролнинг номи ўралашиб қолса, гўё аллакимнинг кўринмас қўли бу заҳарханда лабларни бир зумга юмиб қўярди. Суҳбатлашаётганлар товушлари девордан ўтиб, жаноб де Тревилнинг кабинетига етишидан чўчиётгандай хижолатли аланглашарди. Аммо, деярли шу заҳоти, гап орасида ташланган ишора суҳбатни яна падари-бузрукворга ўтказар, товушлар яна баланд янграр ҳамда улуғ кардиналнинг бирор қилиғи сояда қолиб кетмасди.
«Бу кишиларнинг ҳаммасини муқаррар Бастилияга қамаб, осиб ташлашади, – даҳшат ичида ўйларди д’Артаньян. – Мени ҳам уларга қўшиб олиб кетишади: уларнинг гапларига қулоқ солганимдан, эшитганимдан кейин мени уларга шерик деб ҳисоблашади. Кардинални ҳурмат қилишни тинмай уқтириб келган отам-чи, бунақа шаккокларнинг СКАЧАТЬ