Бу пўписа хўжайинни бутунлай чўчитиб юборди. Қирол ва жаноб кардиналдан сўнг жаноб де Тревилнинг номини нафақат ҳарбийлар, балки шаҳарликлар ҳам энг кўп тилга олишган, дейиш мумкин. Тўғри, яна «Жозеф ота»16 бор эди, аммо унинг номи шивирлашдан ўзгача тилга олинмасди: кардинал Ришельенинг дўсти «бўз маҳлуқ» олдидаги даҳшат шу қадар кучли эди.
Тўқмоқни четга улоқтириб ва хотинига супургини, хизматкорига эса таёқларни ташлашни ишора билан буюриб, харобот эгасининг ўзи яхши ибрат кўрсатди ҳамда мактубни қидириш билан машғул бўлди.
– Бу мактубга бирор қимматбаҳо нарса солинганмиди? – беҳуда изланишлардан кейин сўради у.
– Бўлмаса-чи! – хитоб қилди саройга ўзи учун шу мактуб йўл очишига ишонган йигит. – Менинг бор мулким ўшанда эди.
– Испан бонларими? – хавотирланиб суриштирди хўжайин.
– Ҳазрат олийларининг шахсий хазинасидан пул олиб берадиган бонлар, – деб д’Артаньян мактуб ёрдами билан қирол хизматига киришни ният қилгани учун ёлғон-яшиқсиз бу анча қалтис жавобни беришга ўзини ҳақли деб билди.
– Жин урсин! – тамом каловланиб хитоб қилди харобот эгаси.
– Аммо, муҳими бу эмас, – гасконликларга хос лоф билан давом этди д’Артаньян, – муҳими бу эмас, пул арзимас нарса. Мактубнинг ўзи – алоҳида аҳамиятга эга нарса. Мактубдан маҳрум бўлгандан кўра, минг пистолни йўқотишни афзал кўрардим.
Худди шу тазрда у «йигирма минг» ҳам деб юбориши мумкин эди, аммо йигитлик ҳаёси тийиб қолди.
Тўсатдан ҳамма хоналарни беҳуда тинтиб юрган хўжайиннинг миясида ялт этиб нур чақнагандай бўлди.
– Мактуб асло йўқолмаган! – деди у.
– Нима? – қичқириб юборди д’Артаньян.
– Йўқ. У сиздан ўғирланган.
– Аммо, ким ўғирлаган?
– Кечаги нотаниш дворян. У ошхонага, сизнинг камзулингиз турган ерга тушиб эди. У ерда ёлғиз қолиб эди. Гаров бойлашаман, бу ўшанинг қилмиши.
– Шунақа денг! – иккиланиб гапирди д’Артаньян.
Ахир мактубнинг фақат ўзи учун аҳамияти борлиги унга бошқалардан кўра яхшироқ маълум бўлиб, бирор кимсанинг унга кўзи ўтиши мумкинлиги хаёлига ҳам келмасди. Мусофирхонадаги қўноқларнинг ҳеч бири, хизматкорларнинг ҳеч бири ундан наф кўра олмаслиги шак-шубҳасиз эди.
– Демак, сиз ўша сурбет дворяндан гумон қиляпман, дедингизми, – яна сўради д’Артаньян.
– Бунга ишончим комил деяпман-ку, сизга, – тасдиқлади хўжайин. – Мен унга, муҳтарам афандимга жаноб де Тревиль шафе эканлар, ҳатто, унда шавкатли аслзодага мактуб ҳам бор деганимда, у очиқдан-очиқ безовта бўлиб, ўша мактуб қаердалигини сўради ва шу заҳоти ошхонага тушиб кетди, камзулингиз ўша ерда ётгани СКАЧАТЬ
16
Жозеф ота – Жозеф дю Трамбле (1577 йилда туғилган). «Жозеф ота» ёки «бўз кардинал» номи билан танилган. Энг махфий ишлари бўйича кардинал Ришельенинг ишончли кишиси бўлган. Шуҳратпараст, уддабурон, жоҳил Жозеф ота ҳеч қандай расмий мансаби бўлмагани ҳолда катта обрў ва ҳокимиятга эга бўлган.