– Жаҳл устида у ҳеч кимнинг номини айтиб қўймадими?
– Бўлмасам-чи, айтди-да! У чўнтакларига уриб-уриб: «Кўрамиз, шафелигидаги одамни хўрлашганидан хабар топса, жаноб де Тревиль нима деркин», деб такрорлади.
– Жаноб де Тревиль? – ҳушёр тортиб сўзлади нотаниш киши. – Чўнтакларига уриб-уриб, жаноб де Тревилнинг номини тилга олди денг?.. Хўш, қалай, муҳтарам хўжайин? Йигитчамиз беҳуш ётганда ўша чўнтакчани ҳам кўриб қўйиш хотирангиздан кўтарилмагандир. Унда нима бор экан?
– Мушкетёрлар капитани жаноб де Тревилнинг номига ёзилган мактуб.
– Шундай денг?
– Худди мен жаноб олийларини бохабар қилганимдек.
Унчалик зийрак бўлмаган хўжайин шу сўзлардан кейин нотаниш кишининг юзида пайдо бўлган ифодани пайқамади. Шу пайтга қадар кесакисига суяниб турган деразадан нарига кетиб, ташвишланиб қовоғини солди у.
– Шайтон! – деди у ижирғаниб. – Наҳот Тревиль бу гасконлик йигитни ёнимга юборган бўлса? У ахир жуда ёш-ку! Аммо, ёши нечада бўлмасин, қасд қилган кишининг қилич зарбаси – бу қилич зарбаси-да. Бола эса менга унча хавф солаётгани йўқ. Пайти келганда арзимаган ишкал улуғ мақсадга етишга ғов бўлиши мумкин.
Нотаниш киши бир неча дақиқа ўйга чўмиб қолди.
– Қулоқ солинг, соҳиб! – охири деди у. – Шу телбадан мени халос қилишни бўйнинггизга ололмайсизми? Уни ўлдиришга виждоним қўймаяпти, аслида эса… – унинг юзида қаҳрли совуқ ифода пайдо бўлди, – аслида у менга халал беряпти. У қаерда ҳозир?
– Хотинимнинг хонасида, иккинчи қаватда. Унинг ярасини боғлашяпти.
– Анжомлари ва ён халтаси ўзи биланми? Камзулини ечгани йўқми?
– Камзулиям, ён халтасиям пастда, ошхонада қолди. Энди бу ёш девона сизга халал бераётган экан…
– Халал беряпти, албатта меҳмонхонангизда дуруст одамларнинг тинчини бузиб, тўполон қиляпти… Боринг-да, менга ҳисобни тайёрлаб, хизматкоримни огоҳлантириб қўйинг.
– Ие? Жаноб олийлари бизни ташлаб кетяптиларми ҳали?
– Бу сизга аввал ҳам маълум эди. Мен отимни эгарлаб қўйишни буюриб эдим-ку. Буйруғим бажарилмадими ҳали?
– Бажарилди. Жаноб олийларининг ўзлари кўриб, ишонч ҳосил қилишлари мумкин – от эгарланган, дарвозанинг ёнида турибди.
– Яхши, ундай бўлса, айтганларимни қилинг.
«Ана холос! – ўйлади хўжайин, – У боладан қўрққан бўлмасин тағин?»
Бироқ, нотаниш кишининг нуфузли нигоҳи унинг фикр оқимини таққа тўхтатди. У ялтоқланиб таъзим қилди-да, чиқиб кетди.
«Бу муттаҳам миледини кўриб қолмаса бўлгани, – хаёл сурарди нотаниш киши. – У тез орада ўтиб кетиши керак. У ҳаяллаб ҳам қолди. Яхшиси, мен отда унинг истиқболига юрақолай… Қани энди де Тревилга ёзилган ўша мактубда нималар ёзилганини билолсам!..»
Нотаниш киши ўзича алланималарни шивирлаб, ошхонага йўл олди.
Бу орада харобот СКАЧАТЬ