СКАЧАТЬ
ичимда бу мумкин эмас, деган қарорга келгандим, фақат агар аёлнинг ёнида эҳтиёт шарт олиб юрган иккинчи пенснеси бўлсагина гапингизга ишониш мумкин эди. Ана шунда мен, пенсне эгаси уйда бўлиши керак, деган тахминга қаттиқ ёпишиб олдим. Кейин икки йўлакнинг бир-бирига ўхшашлигини кўриб, аёл йўлдан адашган бўлса ажаб эмас, деб ўйладим. Агар шу тўғри бўлса, у албатта профессорнинг хобхонасига кириб қолиши керак. Бу мулоҳазам мени ҳушёр бўлишга ундади, шунга кўра, бу ерда биронта хуфия жой белгисини топиш учун, хонани ниҳоятда синчковлик билан кўздан кечириб чиқдим. Хонадаги гилам яхлит ва ерга таранг қилиб ёзилган эди, шунинг учун ертўла ҳақидаги фикримни миямдан чиқариб ташладим. Китоблар орқасида камгак ер бўлиши мумкин эди – қадимги кутубхоналарда бунақа жойлар учрайди. Мен хонанинг ҳаммаёғида, ерда девор ёқалаб китоблар уюлиб ётганига эътибор бердим, фақатгина ўша шкаф олди китоблардан холи эди. Бундан чиқди, бу шкаф эшик вазифасини ўташи мумкин эди. Лекин фаразимни исботлайдиган бошқа ҳеч қандай белги ё аломат йўқ эди. Шунда мен диққатимни яна гиламга қаратдим. У оч жигарранг тусда эди, бинобарин осонгина кўзлаган тажрибамни қўллаб кўришим мумкин эди. Бунинг учун мен ўша олий нав сигареталардан қанчадан-қанчасини узлуксиз чекиб, кулини шубҳали туюлган шкаф олдидаги гилам устига тўкавердим. Бу энг одми найранг жуда ҳам яхши самара берди. Кейин биз пастга тушдик, шунда мен, профессорнинг иштаҳаси очилиб кетганига ишонч ҳосил қилдим (ваҳоланки, миссис Маркерга нима мақсадда бундай савол бераётганимни сиз, Уотсон, унча тушунмадингиз ҳам). Шундай бўлиши турган гап эди, чунки профессор яна бир одамни боқаётган эди. Кейин биз яна ётоқхонага кўтарилдик. Мен бир қути сигаретани тўкиб юбориб, гилам сатҳини диққат билан кўздан кечириш имконига эга бўлдим ва бизнинг йўқлигимизда маҳбус аёл беркинган жойдан чиққанига ишонч ҳосил қилдим. Мана, Хопкинс, Чаринг-Кросс бекатига ҳам етиб келдик. Олиб борган тергов ишингизнинг муваффақиятли чиққани билан табриклайман. Сиз бу ердан тўғри Скотленд-Ярдга борсангиз керак, албатта. Биз эса, Уотсон, рус элчихонасига йўл оламиз.
ТОВЛАМАЧИНИНГ ТУГАТИЛИШИ
Мен ҳикоя қилаётган ушбу воқеанинг юз берганига анча йил бўлди, шунга қарамай, уни ниҳоятда эҳтиётлик билан баён қилишимга тўғри келади. Узоқ вақтгача бунинг ҳатто учини чиқариш ҳам мумкин бўлмаган эди, аммо ҳикоямнинг асосий қаҳрамонига адлия қонунининг қўли етмайдиган эндиги пайтда, ҳеч кимга зиён тегмайдиган қилиб, айрим қисқартиришлар билан уни ошкор қилсам бўлади. Бу нарса Шерлок Холмснинг, шунингдек, менинг ҳам фаолиятимда қиёси йўқ ягона ҳодиса эди. Башарти, ҳикоям тизмасидан воқеа юз берган пайтни ёинки унинг ҳақиқий иштирокчиларига шама қилувчи бирон бир далилни олиб ташласам, китобхон мени кечирар деб умид қиламан.
Қаҳратон қиш оқшоми эди. Холмс билан мен одатдаги кечки сайрдан уйга соат олтиларда қайтардик. Холмс чироқни ёқди, шунда унинг шуъласи столда ётган ташрифномани ёритди. Дўстим унга бир қиё боқди-ю, жирканч нидо билан уни ерга отди.