Поручикни яна бир фикр эзарди. У асирга тушганидан бирор ҳафта ўтгач, Соломбалада жанг бошланди. Худди кимдир каттакон болға билан михни ураётгани сингари милтиқ овози келар, қисқа пулемёт отишмаси тикув машинасининг тақиллашига ўхшар, гранаталар портлаши гумбурлаб эшитиларди. Поручик тушундики, партизанлар унинг бўлинмасига ҳужум қилишган ва японлар жанг қилар, аммо томонлар тенг эмасди. Бир кундан сўнг у яна олиб келинган милтиқларни кўриб, бўлинмаси энди йўқлигига батамом ишонч ҳосил қилди. Бироқ ҳамма ҳалок бўлдими ёки кимдир омон қолдими, поручик буни ҳеч қачон билолмасди.
У ўзини айблай олмаса-да, бир вақтнинг ўзида ихтиёрсиз равишда виждон азобида қийналарди. У асирга тушмаганида, бўлинмаси командирсиз қолмас ва эҳтимол, аскарларини қуршовдан олиб чиқиб кета олган, уларни ажал сиртмоғидан халос этган бўларди. Уни худди ёш бола сингари иккита патрон билан лақиллатиб, қопқонга туширишганди.
Баъзида у ишни тўхтатиб, тахталар орасидан тушиб турган ва полда ажабтовур шакллар ясаётган қуёш нурларига тикилиб ўтириб қоларди.
Баҳор ўтди, шимолнинг кам қуёшли ёзи ҳам адоғига етиб борар, у эса на унисини, на бунисини кўрарди. Одамлар орасида бўлса-да, бутунлай ёлғизлик унга азоб берарди. Поручик партизанлар билан имо-ишора ва тилмоч Борисовдан эшитган бир-иккита сўз орқали гаплашарди. Ўз навбатида партизанлар ҳам у билан озгина японча ва инглизчани бузиб гаплашишар: бир-бирини тушунсалар-да, аммо бари энг содда суҳбатлар бўлар ва бу мулоқот учун етарли эмасди.
Бора-бора Ютаро Тода тушундики, асирликдан қутулиши фақат чидам ва сабр-тоқатига эмас, рус тилини билишига ҳам боғлиқ. Ва у астойдил партизанлар нутқини ўргана бошлади. Ҳар хил буюмлар ва тушунчаларнинг номларини сўрар, Парфёновдан илтимос қилиб олган қоғоз ва қалами билан янги сўз ва ифодаларни ёзар, тезроқ хотирасида қолиши учун уларни такрорлаб ёдларди. Рус тилида гаплашувчилар билан биргалиги учун у бошқача шароитга тез кўникди ва бегона, мураккаб тилни ўрганиши ҳам илдамлашди. Дастлаб СКАЧАТЬ