– Ҳм-м, – деди Тоға тағин. – Уйингдан келёпсанми?
– Ишхонамдан.
– Э!.. – деди Тоға. – Ана, ўзингни ўйлагансан.
Мўмин Хол индаёлмай, чаккасини қашиди.
– Пешин чоғи уёққа олиб кетишганда, ҳой-наҳой, уйингга чопар жўнаган бўлса, шу тобда болаларинг ўз ёғларида ўзлари қовурилишаётгандир.
Мўмин Хол тўнғиллаб:
– Қаёққа бош ураримни билолмай қолдим ахир, тоға! – деди.
Бир муддат ўйчанликдан сўнг, Тоға:
– Майли, бўлар иш бўпти. Куяверма, – деди. – Ўлимдан бошқасининг чора-си бор.
Мўмин Хол тоғасига жавдираб термилди: чорасини айтинг, тоғажон?
– Бўпти, эрта шу пайтдан сал эртароқ кел, – деб, Тоға туришга чоғланди. – Ҳозир тўғри уйингга жўна.
Мўмин Хол чойнакдан яна пиёлага устма-уст яхна чойдан қуйиб ичди. Ўрнидан турди. Симчироқнинг устундаги тугмасини босди. Бирдан айвон ёришди.
– Тоға, янгам кўринмаяптила?
– Янганг билан жиянинг невараларни эргаштириб, туғуруқхонага кетган, – деди Тоға. – Кеча келиннинг кўзи ёриди.
Мўмин Хол жилмайиб:
– Зўр-ку, муборак бўсин! – деб, суюнчига иккита беш сўмлик узатди. – Ху-до умри билан берган бўсин!
Тоға кулиб:
– Қўй, одамни қўлга ўргатма, – деди.
Мўмин Хол пулни хонтахта чеккасига қўяётиб
– Келиннинг соғлиги яхшими? – деб сўради. – Неварачангизнинг?..
– Шукр, яхши… Жиянинг яна ўғиллик бўлди.
– О, зўр-ку!..
Кўчага чиқдилар.
Мўмин Хол тағин жавдираб:
– Чорасини айтмадингиз-ку, тоға? – деди.
– Салим Пўлатни биласан-а?
– Биламан, – деди Мўмин Хол. – Зўр одам!
– Бал-э!.. Республика судида Салим Пўлатнинг ўзидан ҳам зўрроқ ошналари бор, – деди Тоға. – Салим Пўлатникига борамиз. Гапингга қараганда, ҳали судгача вақт кўп экан, – деб, Тоға хайрлашди. – Бўпти, келинни, балаларингни сўраб қўй.
Ниҳоят, кўнглига бир ёруғлик инганини ҳис этиб, Мўмин Хол хийла хуш-ҳоллик билан хўшлашди. Кейин, машинани юргизиб, тезликни қўшаётганда, елкасидан эзаётган ғусса юки тамом ағдарилгандай енгилгина энтикди.
… келганим яхши бўлган экан. Салим Пўлат – зўр одам!.. Тоғам ҳақ гапни айтдила: қ ў р қ у в – о д а м н и и т о а т к о р м а х л у қ қ а а й л а н т и– р и б қ ў я р к а н. Аммо, н о ч о р л и к-ч и?.. Беҳуда айтишмагандир ахир: ўйнашмагин арбоб билан, арбоб урар ҳар боб билан, деб! Ҳар хил ҳаромхўр арбоблару амалдорлар ғиж-ғиж қуртдай ғимирлаётган жамиятда ҳалол-ликнинг ўзигина бандаси учун қалқон бўлолмас экан. Йў-ў-ўқ, йўқ!..
Тағин туйқис Балояннинг уч кун аввал айтган бир гапи Мўмин Холнинг ёдига тушди: “Агар тилхат ёзишдан ташқари, бошқа СКАЧАТЬ