Бошини паришон чайқаб, Мўмин Хол:
– Йўқ, ман… ман туҳмат қилолмайман, – деди.
Бирдан Сидоров:
– Ух-х, гад! – деб, Лениннинг ҳайкалчасини ирғитди.
Мўмин Хол аранг чап бериб қолди.
Ҳайкалча ганчдан ясалган экан, орқа деворга тарақлаб урилиб, чил-чил тўзғиб кетди.
Ўша аснода Сидоров:
– Ёзасан, газанда. Ёзмай иложинг йўқ! – дея ёвқур важоҳатда отилиб бордию, ногоҳ икки қоши орасига кўрсаткич бармоғини найзадай санчди.
Ҳушдан кетаётганини сезиб-сезолмай, Мўмин Хол гурс этиб қулади.
Бир маҳал, ҳушига келди. Тўнғиллаган овозлар чалинди қулоғига. Билдики, гилам устида чўзилиб ётибди… Айниган чой сепишганми ё бошқа бирор нимами, сочлари, юзлари жиққа ҳўл. Сассиқ!.. Кишанни ечиб олишибди. Аммо, тунчироқ ёниб турганини демаса, ҳамон хона қоронғи эди. Секин бошини пайпаслади.
Айни ўша пайтда Сидоров шартта ердан узиб, курсига ўтирғизиб қўйди. Сўнг:
– Отбозорни биласанми? – деб сўради пишиллаб. – Қоровулбозорни-чи?
– Билмайман, – деди Мўмин Хол. Ўз овози ер қаъридан таралаётгандай ғалати эшитилди қулоғига. – Билмайман.
– Биласан. Эшитгансан, газанда. Агар тилхат ёзиб бермасанг, хотинингни ҳам, қизингни ҳам Отбозорга элтиб, кўз олдингда қамоқдаги каллакесарларга қўшиб қўяман. Улар навбатма-навбат роса пийпалаб… – Баралла ҳақорат қилгач, Сидоров дўқ-дўқ кўксига нуқиди. – Кўрасан, мен қиламан шу ишни!
Нохос тили танглайига ёпишгандек, Мўмин Хол лол қотди. Ва, шунинг баробарида, тағин ўша ингроқ йиғи товуши қулоқлари остида жарангла-ётгандай туюла бошлади. Орадан бирор лаҳза кечиб-кечмай, хаёлида ғира-шира нурланаётган фаҳш бир манзарадан эса баттар даҳшатга тушди.
… бунақа имонсизлардан ҳар қандай ёвузликни… О, Художон, ўзинг мадад бегайсанр?! Шармандаликдан… юзи қароликдан ўзинг асрагайсан, Художон?!. Бу не хақорат, бу не хўрлик... Ман нима учун бунча қўрқоқлик… Сабилгина жоним учунми?.. Йўқ, қизим!.. Хотиним! Қизим!!. Уф-ф! Ким деган одам бўламан кейин? Қандай бош кўтариб юраман кейин?!.
– Хўш, ёзасанми?.. Сендан сўраяпман, газанда?!
– Нима?
– Яхшиликча ёзасанми, деяпман?! – деди Сидоров ўқрайиб. – Гапир ахир!
Мўмин Хол тағин бошини қуйи эгди.
Шартта Сидоров столни айланиб ўтиб, қўлчироқ нурини ўнг томондаги деворга тутди:
– Қара! – деди. – Яхшилаб кўриб қўй султонингни, газанда! Сени ҳам худди шундай аҳволга соламан.
Терговхонадами, аллақайси кавакда СКАЧАТЬ