«Москвада овқат тайёрлаш учун ўчоққа ўт ёқишмайди, шекилли. Чунки шунча юриб деворга таппи ёпаётган биронта аёлни кўрмадим, томларида Абутолибнинг бўркига ўхшайдиган биронта мўри йўқ. Тунукали тарновларга ҳам кўзим тушмади. Москваликлар томларида пичан қуритишмас экан. Агар пичан қуритишмаса, молларига нима беришади? Боғлам пичан ёки шох-шабба қучоқлаб кетаётган хотинларни ҳам учратмадим. Ҳали сурнай ноласини ҳам, чилдирманинг овозини ҳам эшитмадим. Бу ердаги ёшлар турмуш қуришмайди, тўй қилишмайди, деб ўйлаш мумкин. Кўчаларда қанча кезсам ҳам биронта қўй кўрмадим. Унда москваликлар меҳмон келганда нимани сўйишади? Агар меҳмоннинг оёғининг тагига қўй сўйишмаса, унда азиз меҳмонга ҳурматини қандай билдиришади? Йўқ, ҳечам уларнинг ҳаётига ҳавас қилиб бўлмайди.Мени ўзимнинг Цада овулимиздан қўймасин, хоҳлаган пайт хотинимга саримсоқни кўпроқ қўшиб қовурма тайёрла дейишим мумкин…»
Отам Москва ҳаётини ўзи туғилган овул ҳаётига таққослаб, жуда кўп камчиликларни кўрди. Албатта, отам Москвада аёллар деворга таппи ёпмаслигини ёзганда ҳазил қилган, лекин Москвадан кўра овулида яшашни афзал кўришини ёзганда зинҳор ҳазиллашмаган. У Цадани ҳаддан зиёд севарди, отам ўз овулини ҳеч бир мамлакатнинг пойтахтига алишмасди.
Жонажон, Цада! Мана мен ҳузурингга отам камчиликларини айтган оламдан келдим. Мен ҳам бу дунёда кезиб жуда кўп ажиб нарсаларни кўрдим. Қайси бирига қарашни билмай кўзларим ўйнади. Нигоҳимни битта чиройли эҳромдан узганда ундан ҳам чиройли эҳромга кўзим тушди, гўзал чеҳраларга қарадим, лекин шуни аниқ билардим, улар қанчалик жозибали бўлмасин, эртага улардан ҳам жозибалироқларини учратаман… Дунёнинг чеки-чегараси йўқ экан.
Мени Ҳиндистоннинг ибодатхоналари, Мисрнинг эҳромлари, Италиянинг қадим ёдгорликлари кечирсинлар, мени Америка шоҳ кўчалари, Париж хиёбонлари, Англия боғлари, Швейцария тоғлари ҳам кечирсинлар, мени польяк, япон, итальян гўзаллари ҳам кечирсинлар, сизларни қанчалик ёқтирмай, хушомад қилмай юрагим бир маромда урди, бошим айланиб қоладиган даражада ақли-ҳушимдан айрилмадим.
Ҳозир эса, қоялар этагида жойлашган етмишта хонадонни кўришим билан юрагим ўйнаб кетди, ҳатто кўкрак қафасимга сиғмай қовурғаларимга ботаяпти. Худди касал ёки маст бўлган одамдай кўз олдим қоронғилашаяпти, бошим айланаяпти!
Наҳотки шу кичкинагина овулим Венециядан, Қоҳирадан ёки Калькуттадан гўзал бўлса? Наҳотки бир боғ ўтин қучоқлаб кетаётган авар аёли баланд бўйли, скандинавиялик оппоқ қизлардан гўзал бўлса?!
Цада! Эрталабдан ям-яшил далаларингни кезаяпман, толиққан оёқларимни шудринг юваяпти. Ҳатто юзимни тоғ жилғаси ёки булоғининг муздек сувидан ювишимга ҳожат йўқ. Дейдилар, сув ичмоқчи бўлсанг булоқнинг кўзидан ич. Яна дейдилар, бу ҳақда отам ҳам айтардилар, эркак киши фақат икки ҳолда тиз чўкиши мумкин: СКАЧАТЬ